Самарқандда салкам 700 минг китоб фондига эга кутубхона реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди (фото)
Самарқанд шаҳрида 16 октябрь, жума куни A.С.Пушкин номидаги ахборот-кутубхона марказининг реконструкциядан кейинги очилиш маросими ўтказилди. Кутубхонани бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Aзиз Абдуҳакимов ҳамда Самарқанд вилояти ҳокими Эркин Турдимов очиб берди, дея хабар бермоқда «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров.
Самарқанд вилоят кутубхонаси 1911 йилнинг декабрь ойида очилган бўлиб, у университет хиёбонида жойлашган Ўзбекистоннинг энг қадимги кутубхоналаридан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунда кутубхона китоб фондида 700 мингга яқин сақлаш бирлиги, жумладан, периодика, грамзапислар ва нота нашрлари мавжуд. Таъкидланишича, кутубхонага ҳар йили 30 мингга яқин киши обуна бўлади.
«Ўзим Самарқандда ўқимаган бўлсам ҳам, баъзида акаларим билан бу кутубхонага бирга келардик. Ўша пайтларда жуда ҳам аянчли аҳволда эди. Кейинчалик маслаҳатлашиб, шу марказни таъмирлашни режа қилдик. Энг биринчи бинонинг ертўла қисми — қадимий китоблар сақланадиган қисмини реконструкция қилишдан бошладик.
Кутубхона Самарқанд вилояти учун жуда катта аҳамиятга эга. Сабаби у 643 мингдан ортиқ китоб фондига эга. Улардан 7,5 мингтаси нодир қўлёзма ва китоблар ҳисобланади. Бугун бир вақтнинг ўзида 500 нафар ўқувчининг кириб-чиқиши имконини берувчи бино таъмирланиб, қайтадан фойдаланишга топширилди. Бу эса, тўйга тўёна деганларидек, 18 октябрь — Самарқанд шаҳри куни учун вилоятимиз аҳолисига ажойиб туҳфа бўлди», — дейди Самарқанд вилояти ҳокими Эркин Турдимов.
Қайд этилишича, кутубхонада умумий китоб олиш сектори, хорижий адабиётлар сектори ҳамда катталар ва болалар учун ўқув ҳамда конференция зали фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, ўтган асрларда чиқарилган китобларнинг ноёб нашрлари сақланадиган сектор ҳам мавжуд бўлиб, улар орасида Ф.Счлоссернинг «Коинот ва инсоният» (1870), «Византия империясининг тарихи», «Жаҳон тарихи» каби қадимий энциклопедиялари мавжуд.
Аввалроқ Самарқандда «Ипак йўли» халқаро туризм университетининг янги биноси фойдаланишга топширилгани ҳақида хабар берилганди.