Шофирконда туғилган уч эгизакка Миромон, Мирзиё ва Саида деб исм қўйилди
Бухоро вилояти Шофиркон туманида туғилган уч нафар эгизакка Миромон, Мирзиё ва Саида деб исм қўйилди. Бу хақда туман хокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Бухоро вилояти Шофиркон тумани «Алишер Навоий» маҳалласида яшовчи Мунаввар Зарипова 5 сентябрь куни 3 нафар эгизакни дунёга келтирган. Бухоро вилояти перинатал марказининг акушер-гинекологлари муддатидан аввал туғилган 3 нафар эгизакнинг саломатлигини тиклаш борасида ишлар олиб борган.
Хабарга кўра, эгизакларнинг тўнғичи — Мирзиё 1 килограмм 100 грамм, ўртанчаси — Миромон 1 килограмм 15 грамм, кенжаси — Саида 1 килограмм 300 грамм вазн билан дунёга келган. Аёлнинг ҳам саломатлиги меъёрий ҳолатда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон бўйича ўтган саккиз ойда энг кўп туғилиш сони Самарқандда қайд этилгани ва Андижонда карантин даврида қарийб 9 минг жуфтлик никоҳдан ўтгани хабар қилинганди.