ССВ Ўзбекистон коронавируснинг иккинчи тўлқинига тайёрланаётганини маълум қилди

Соғлиқни сақлаш вазири Aбдуҳаким Хoжибаев 7 декабрь куни Ҳиндистоннинг мамлакатдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабхат билан учрашуви давомида Ўзбекистон коронавируснинг иккинчи тўлқинига тайёрланаётганини маълум қилди. Бу ҳақда вазрилик ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, мулоқот давомида сўнгги йилларда икки томонлама ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани таъкидланган. Элчи мамлакатда коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолаб, шу сабабли касаллик тарқалиши ҳозирги вақтда сезиларли даражада камайганини таъкидлаган. Ҳамда ўз вақтида кўрилган чоралар CОVID-19 оқибатларини минималлаштиришга сабаб бўлаётгани қайд этилган.

Шунингдек, вазир ҳозирда вазиятнинг барқарорлиги ҳотиржамликка берилиш учун асос бўла олмаслигини айтган. «Кўпгина бошқа мамлакатлар тажрибасига кўра, CОVID-19’нинг иккинчи тўлқинидан қочиб бўлмайди деган тушунча мавжуд. Бунинг учун мамлакатда унга тайёргарлик кўриш бўйича ишлар олиб борилмоқда», дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, мамлакатда коронавирус инфекциясини даволашга ихтисослашган 150 дан ортиқ шифохонадан айни пайтда 40 га яқини фаолияти кўрсатаётгани, қолганлари зарурат туғилганда яна коронавирус билан касалланган беморларни  қабул қилишлари учун сақлаб қолингани айтиб ўтилган.

Маниш Прабхатнинг таъкидлашича, ҳозирги вақтда Ҳиндистон коронавирусга қарши 3 та вакцина яратиш устида иш олиб бормоқда, улардан 2 таси иккинчи, биттаси эса учинчи босқич синов жараёнида. Элчи келажакда Ўзбекистон аҳолиси учун ҳам ушбу ҳинд ваксиналари фойдали бўлишини таъкидлаб ўтган.

Aввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон учинчи босқич синовларида ижобий натижа кўрсатган вакцинани харид қилишини маълум қилган. Шунингдек, Россия саноат ва савдо вазири «Спутник V» вакцинасини Ўзбекистонга олиб келгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар