Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 150 минг киши яшайдиган йўлдош шаҳарча қурилади

Шавкат Мирзиёев 19 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 150 минг аҳоли яшайдиган йўлдош шаҳарча қурилиши маълум бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, Президент 2020 йил 12 июнь куни Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида бўлиб, уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича вазифаларни белгилаб берган эди. Хусусан, Тошкент туманининг бир қисмини Олмазор туманига ўтказиб, янги турар жойлар ва корхоналар барпо этиш таклиф қилинганди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, 19 ноябрь кунги тақдим этилган лойиҳага биноан, 200 гектардан зиёд ушбу ҳудудда 150 минг аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уйлар, мактаб, болалар боғчаси, истироҳат боғи, тижорат зонаси қурилиши кўзда тутилган.

Тошкент шаҳридаги Наврўз қабуллар уйини капитал таъмирлаб, Давлат иштирокидаги корхоналарни соғломлаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштириш маркази ташкил этиш режалаштирилган. Бу ерда тадбиркорларга маълумотлар очиқ ва шаффоф тарзда тақдим этилади. Президент Тошкент шаҳридаги Темурбеклар мактаби қурилишига доир тақдимот билан ҳам танишди ва зарур кўрсатмалар берган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, Сурхондарё вилоятида ҳам шу каби ишлар режалаштирилган. Хусусан, Термиз шаҳрининг Беруний кўчасида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, масжид, меҳмонхона, турар жойлар, маҳалла гузари ва кўплаб тадбиркорлик субъектлари жойлашган. Мазкур марказий кўчанинг янги лойиҳасига кўра, реконструкция ва қурилиш ишлари амалга оширилади. Денов туманининг Нурли манзил ва Лочин маҳаллаларида энергия тежамкор кўп қаватли уйлар, ижтимоий муассасалар барпо этилиши кўзда тутилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда МИБдан қарздорлар учун ягона электрон платформа яратилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Президент Қашқадарёнинг 9 та туманида тўқимачилик комбинатлари ташкил этиш бўйича топшириқ берган.

Янгиликлар