Тошкентда жамоат транспорти йўловчиларига тиббий қўлқопда бўлиш талаби қўйилди. Аввалроқ бу усулнинг самарасизлиги айтилганди

Тошкент шаҳрида 19 октябрдан бошлаб жамоат транспорти йўловчиларидан тиббий қўлқопда бўлиш талаб этилади. Бу ҳақда Транпсорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Транспорт вазирлиги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, жамоат транспортида турли юқумли мавсумий инфекциялар тарқалишининг олдини олиш ва йўловчилар саломатлигини асраш мақсадида Тошкент шаҳар жамоат транспорти (автобус, метро, йўналишли такси) хизматидан фойдаланганда йўловчиларнинг тиббий ниқоб билан биргаликда тиббий қўлқопда бўлиш тартиби жорий этилишини маълум қилган.

Хабарга кўра, шаҳар жамоат транспортидан фойдаланганда йўловчиларнинг санитария қоидалари ва белгиланган карантин талабларига амал қилишини таъминлаш назарда тутилади. Унга кўра, Транспорт вазирлигининг автомобиль ташувлари хавфсизлигини таъминлашни назорат қилиш бошқармаси инспекторлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳ томонидан транспорт инфратузилма объектлари ва жамоат транспортида кучайтирилган тартибда назорат тадбирлари ўтказилади.

«Ҳурматли пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари шаҳар жамоат транспорти хизматидан фойдаланганда белгиланган карантин талаблари ва санитария меъёрларига қатъий амал қилинг. Ўзингиз ва атрофдагиларнинг саломатлигига бефарқ бўлманг», дейилади хабарда.

Аввалроқ АОКАда 2020 йил 16 август куни Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Шуҳрат Боймуродов иштирокида бўлиб ўтган брифингда COVID-19 инфекциясидан резинали қўлқоплар ёрдамида ҳимояланиш самара бермаслиги таъкидланганди.

«Тўлиқ ҳимояланиш учун сиз қўлингизни антисептик воситалардан фойдаланиб тозаласангиз, мақсадга мувофиқ. Чунки COVID-19 инфекцияси резинали қўлқопларни зарарлаши мумкин, бу холат орқали сиз юзингизга инфекцияни юқтириб олиш хавфини туғдиради», — деганди Шуҳрат Боймуродов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дезинфекцкия туннеллари деярли ҳар бир ташкилот, хусусан, умумий овқатланиш объектлари, аэропорт, темир йўл вокзаллари, бозорлар, супер маркет каби қатор муассаса бинолари олдида ўрнатилганди.

Республика ихтисослаштирилган аллергология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, профессор Илмира Разиқова дезинфекция чораси сифатида хлорли эритмалардан фойдаланишни дунё давлатлари тажрибадан ўтказгани, америкалик экспертларнинг таъкидлашича, кўчаларни дезинфекция қилиш ва дезинфекция туннелларидан фойдаланиш кўпроқ инсонларнинг ваҳимага тушмаслиги ёки уларни тинчлантириш мақсадида амалга оширилгани ҳақида таъкидлаганди. Аммо кейинчалик Республика махсус комиссияси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига асосланиб дезинфекция туннеллари тақиқланди.

Маълумот ўрнида, Шавкат Мирзиёев ҳудудларда саноатни ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида 15 августдан автотранспорт воситаларининг кун давомида юриши, маҳаллий авиа ва темир йўл қатнови учун рухсат бериш кераклиги айтилганди. Бундан ташқари, 17 августдан ҳудудлар ўртасида автотранспорт қатнови, жамоат транспорти (метрополитендан ташқари) ва шаҳар атрофидаги автобуслар қатнови тикланиши белгиланганди.

Кейинчалик Тошкентда 15 августдан метро фаолияти тикланиши ва «Тошшаҳартрансхизмат» тиббий ниқобсиз йўловчи автобус салонига чиқарилмаслигини маълум қилинди.

Бундан аввал Тошкент метрополитенида 1 ноябрдан жетонлардан фойдаланиш тўхтатилиши ҳақида хабар қилинган эди.

Янгиликлар