Тошлоқда фуқаронинг бир миллион сўмлик велосипедини ўғирлаб кетган шахс қўлга олинди
Фарғона вилояти Тошлоқ туманида 2020 йил 12 сентябрь куни фуқаронинг қаровсиз қолдирилган бир миллион сўмлик велосипедини ўғирлаб кетган шахс қўлга тушди, деб хабар бермоқда Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати.
Маълум бўлишича, 12 сентябрь куни соат 11:00 атрофида номаълум шахс «Шодлик» МФЙ ҳудудида жойлашган туман марказий поликлиникаси олдида қаровсиз қолдирган нархи бир миллион сўмлик велосипедини яширин равишда ўғирлаб кетган. Ҳолат бўйича ўша куни фуқаро Қ.Б. Ички ишлар бўлимига мурожаат қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошлоқ тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғирлик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни У.Н. содир этганлиги аниқланиб, унга нисбатан суд томонидан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Маълумот ўрнида, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Аввалроқ Марғилонда 800 минг сўмлик, Қўқонда 5 миллион сўмлик, Фарғонада 1,5 миллион сўмлик велосипедларни ўғирлаган фуқароларга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.