«UzAuto Motors» Монополияга қарши курашиш қўмитасининг қарори устидан судга шикоят қилди
«UzAuto Motors» Монополияга қарши курашиш қўмитасининг қарори устидан Тошкент шаҳар маъмурий судига шикоят қилди. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев ўз Telegram каналида хабар берди.
Хабарга кўра, судда Монополияга қарши курашиш қўмитасидаги махсус комиссиянинг «UzAuto Motors» АЖдан енгил автомобиллар нархининг асоссиз оширилган қисмини тушириш ва ортиқча олинган маблағни истеъмолчиларга қайтариш тўғрисидаги қарори кўриб чиқилади.
Хабарда ёзилишича, суд 2 октябрь куни Тошкент шаҳар маъмурий суди биносида бўлиб ўтиши айтилган.
Маълумот учун, июль ойи Расул Кушербаев «UzAuto Motors» компаниясининг тез ёрдам учун автомобилларни оширилган нархда сотаётганини танқид қилгач, компания бу айбловларга муносабат билдирган. Июль ойи охирида депутатлар томонидан «UzAuto Motors» «Рақобат тўғрисида»ги қонун талабларига риоя қилаётганлигини текшириш мақсадида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисига депутатлик сўрови юборилган. Шундан сўнг қўмита «UzAuto Motors»га нисбатан иш қўзғатган ва дастлабки қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. 19 август куни эса Монополияга қарши кураш қўмитасининг махсус комиссияси томонидан ўтказилган текширувлар компания автомобиль нархларини 3 миллион сўмдан 19 миллион сўмгача асоссиз оширганини кўрсатган ва асоссиз киритилган харажатлар истеъмолчига қайтарилиши ҳақида қарор чиқарган эди. Бунга жавобан «UzAuto Motors» автомобиллар нархини пасайтириш имконсиз эканлигини маълум қилган.