Янгиқўрғон туман Халқ депутатлари кенгашининг 13-сессиясида Танзила Норбоева иштирок этди
Наманган вилояти Янгиқўрғон туман Халқ депутатлари кенгашининг 13-сессиясида Танзила Норбоева иштирок этди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Янгиқўрғон туман халқ депутатлари туман Кенгашининг ўн учинчи сессиясида вилоят Кенгаши депутатларининг вакиллари ва туман кенгаши депутатлари иштирок этган.
Сессияда дастлаб «Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 14 сентябрь куни ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқларнинг ижроси тўғрисида»ги ҳисоботлар тингланган. Бу ҳақда сектор раҳбарлари, туман ҳокими Асадилла Нажмиддинов, туман прокурори Қобил Аҳмаджонов, туман Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Носир Мирзааҳмедов, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари Нуриддин Алимов ҳисобот берган.
Шуниндек, сессия давомида «Янгиқўрғон туманидаги тадбиркорлар билан ўтказилган суҳбат якунлари ва келгусидаги вазифалар тўғрисида» Бизнес омбудсман вакили девонхонаси масъул ходими Ҳусниддин Аҳмедов маъруза қилган.
Сўнгра сессияда «Янгиқўрғон туманини 2020—2021 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш орқали ‘қизил’ ҳудуддан чиқариш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» туман ҳокими Асадилла Нажмиддиновнинг ҳисоботи тингланган.
Аввалроқ туман халқ депутатлари кенгашининг Мингбулоқда ўн олтинчи, Пайариқда ўн тўртинчи, Қоровулбозорда ўн биринчи ҳамда Пастдарғомда ўн олтинчи сессияси бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди.