Тошкентда нарколаборатория ташкил этган инспектор ушланди
Тошкент шаҳар Олмазор тумани ИИО ФМБ профилактика инспекторининг хизмат хонадонидан нарколаборатория аниқланди. Бу ҳақда давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Хусусан, инспектор хонадонидан, ўрами билан жами 10 кг 500 гр «Альфа-ПВП» ва 4 гр «Спайс» синтетик наркотиклари ҳамда гиёҳвандлик моддаларини тайёрлашда фойдаланиладиган 588 гр суюқлик, асбоб-ускуналар, электрон торози борлиги маълум бўлиб, ашёвий далил сифатида олинди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, профилактика инспекторнинг Тошкент вилояти Тошкент туманидаги доимий яшаш хонадони текширилганда, ерга кўмиб, яшириб қўйилган тахминий оғирлиги 430 гр бўлган «Альфа-ПВП» наркотик моддаси борлиги аниқланган.
Маълум бўлишича, ички ишлар ходими «Telegram» мессенжери орқали синтетик гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи профил эгаси топшириғи асосида наркокуръерлар томонидан контрабанда йўли билан мамлакатга олиб келинган моддаларни қабул қилиб олиб, яширин лаборотория шароитида ажал оғусини тайёрлаб, тарқатиш билан шуғулланган.
Ҳозирда, ушбу шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 28,246-моддаси 2-қисми ҳамда 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.