Чуст туманида 4 та кичик саноат зонаси ташкил этилади

Наманган вилояти Чуст туманида умимий қиймати 1 триллион 814 миллиард сўм бўлган 4 та саноат зонаси ташкил этилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, вилоятда 70 та кичик саноат зонаси фаолият бошлаши режалаштирилган бўлиб, ҳозирда улардан 24 тасида ишлар бошлаб юборилган. Хабарга кўра, 2 ноябрь, душанба куни Чуст туманида 66 та лойиҳани ўз ичига олган 4 та кичик саноат зонасида қурилиш ишлари бошланган.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишcиҳа, тадбирларда вилоят ҳокими Шавкат Абдураззақов иштирок этган. Умумий қиймати 1 триллион 814 миллиард сўм бўлган лойиҳалар ишга тушгач 3,5 мингта иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Таъкидланишича, Сабзазор, Олмос, Шўркент ва Зарафшон кичик саноат зоналарида қурилиш, тўқимачилик, озиқ-овқат, чарм-пойабзал ва мебель саноати йўналишларида лойиҳалар амалга оширилади.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Шунингдек, вилоят ҳокими лойиҳаларни 6 ой ичида тўла ишга тушириш, «темир дафтар», «аёллар дафтати» ва «ёшлар дафтари»да турган фуқароларга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

«Маҳаллаларга саноатни олиб киришимиз керак. чустликларнинг аксарияти Наманган шаҳрига қатнаб ишлаб юрибди. Пойтахт ва бошқа вилоятларда тадбиркорлик, деҳқончилик қилиб юрганлар қанча. Мана, улар учун ўз юртларида имконият ва шароитлар. Бу кичик саноат зоналарида бугун тамал тоши қўйилса, эртадан иш бошланиши, коммуникация, инфратузилма яратилиши керак», — деди вилоят ҳокими.

Аввалроқ Наманган шаҳрида умумий қиймати 92 миллиард сўм бўлган лойиҳа ишга туширилиши натижасида 1000 та ва Тўрақўрғонда 10 миллион долларлик лойиҳа ишга туширилиши натижасида 1200 та янги иш ўрни яратилиши ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, Намангандаги «Даштбоғ» кичик саноат зонасида 22 та лойиҳа амалга оширилиши ҳамда Наманган шаҳрида «Ёшлар» кичик саноат зонаси ишга тушиши натижасида 4 мингга яқин аҳоли иш билан таъминланиши маълум қилинган.

Янгиликлар