«Камбағаликка қарши курашиш бир йилда битадиган иш эмас» — Обид Ҳакимов
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов ижтимой тармоқларда тарқалган фикри юзасидан ўтказилган брифингда камбағаллика қарши курашиш бир-икки йилда тугалланадиган иш эмаслигини, бу масала доимий равишда ўрганилиб борилиши кераклигини таъкидлади. Бу ҳақда брифингда иштирок этган «Tez News» мухбири хабар берди.
«Камбағаликка қарши курашиш бу бир йилда битадиган иш эмас. Масалан, Хитой охирги 30 йилда бу ишни амалга оширяпти. Ҳар йилда қилинган тадқиқот натижаларига қараб ўзларининг камбағаликка қарши курашиш стратегияларини ўзгартириб келишяпти. Худди шундай бизда ҳам бу жараён бир-икки йил деганда бошланмайди, ҳаммаси параллел олиб борилади. Бу доимий равишда олиб борилиши, ўрганилиши керак. Шунингдек, давлатимизда шакллантирилаётган иқтисодиётни ривожлантириш учун ўзимизнинг таклиф-тавсияларимизни ишлаб чиқиб, тақдим этиб боришимиз лозим», — деди Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори.
Мутахассиснинг айтишича, камбағаллик бўйича энг муваффақиятли тажриба Хитойда кузатилган. У — ўтган асрнинг 80 йилидан бери 900 миллион одамни камбағалликдан чиқарган ягона давлат. Уларда камбағалликдан чиқаришда одамларда озиқ-овқат ва кийим-кечак бўлиши кераклиги минимал талаб бўлган. Ундан кейин таълим, соғлиқни сақлаш ва уй-жой билан таъминлаш режа қилинган.
Обид Ҳакимовнинг сўзларига кўра, Тошкент вилояти Бўка туманидаги хонадонларни кунлик истеъмоли ўрганилган. Ўрганишлар жараёнида Бўкада 1 кунда 1 нафар одам 2300 килокалория истеъмоли учун 9300 сарфланаётганлиги, шунда 2100 килокалория ўртача 8500 сўмга тушаётганлиги аниқланган. Бу кўрсаткич Бўка туманида 5 киши яшаётган оила учун 42500 сўм камбағаллик чегараси ҳисобланишини кўрсатган.
«Бундай тадқиқотлар, керак бўлса, бошқа ҳудудларда ҳам ўтказилади. Иқтисодиётда империк усуллар мавжуд. Уларда шундай нарса борки, қандайдир бир танланмадан бутун аҳоли бўйича ҳисоб-китоб қилинади. Шундан келиб чиқиб, ҳеч қачон Ўзбекистондаги 34 миллион одам алоҳида ўрганилмайди, уларинг репризинтатив танланмаси ўрганилади ва ўша танланмадан 34 миллион аҳолига таъсир қилувчи таклиф-тавсия ишлаб чиқилади. Мисол учун, Давлат статистика қўмитаси томонидан ҳам катта ўрганиш ишлари олиб бориляпти. Яъни 12 мингга яқин уй хўжаликлари ўрганиляпти. Улардаги маълумотларни олиш ва таҳлил қилиш биз учун, юқорида айтганимдек, таклиф-тавсияларимизни ишлаб чиқишимиз учун имкон беради», — дейди марказ директори Обид Ҳакимов.
Эслатиб ўтамиз, Обид Ҳакимовнинг Ўзбекистонда кунига 5600 сўм топган одам камбағал эмаслиги ҳақидаги фикри ижтимоий таромоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганди. Шундан сўнг мутахассис ўзининг фикрига изоҳ бериб, бу кўрсаткич Ўзбекистонда амал қилмаслигини, бу камбағалликни ўлчаш учун шунчаки ўлчов, кўрсаткич эканлигини айтган.