«Кунига 5600 сўм топган одам камбағал эмаслиги Ўзбекистонда амал қилади деб ҳеч ким айтгани йўқ» — Обид Ҳакимов

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов 2020 йилда бажарилган ҳисоб-китобга кўра, Ўзбекистонда 5600 сўм ишлаб топган одам камбағал эмаслигини айтгани маълум қилинган эди. Обид Ҳакимов 3,2 доллар, яъни 5600 сўм тўғри келиши ҳақидаги фикри юзасидан 5 ноябрь, пайшанба куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда қўшимча маълумот берди. Бу ҳақда брифингда иштирок этган «Tez News» мухбири хабар берди.

Фото: «Tez News»

«Камбағаллик кўрсаткичи икки турга бўлинади. Глобал камбағаллик ва миллий камбағаллик кўрсаткичи. Глобал камбағаллик даражасини Жаҳон банки белгилайди. Жаҳон банки тадқиқотларига кўра, камбағаллик 3,2 АҚШ долларида белгилаган. Юқори ва ўрта ривожланаётган давлатлар эса камбағаллик чегараси 5,5 долларни ташкил этади.

3,2 доллар 5 600 сўмга тенглаштирилганининг сабаби тўлов коэффициенти ҳисобга олинган. Масалан, Америкада 1 та нон 20 доллар бўлса, Ўзбекистонда 2 центга тенг. Бу глобал камбағаллик кўрсаткичи. Лекин бу кўрсаткич Ўзбекистонда амал қилади деб ҳечким айтгани йўқ. Бу камбағалликни ўлчаш учун шунчаки ўлчов, кўрсаткич эди», — дейди Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов.

Шунингдек, Обид Ҳакимовнинг маълум қилишича, камбағалликнинг бир қанча ўлчов турлари бор. Улар ҳар хил усулда ҳисобланади:

  • 2100 килокалория олиш учун одамга қанча сумма кераклигини билиш орқали;
  • минимал истеъмол саватчасини билиш орқали;
  • яшаш минимумини ҳисоблаш орқали камбағаллик даражасини аниқлаш мумкин.

Фото: «Tez News»

Аввалроқ Обид Ҳакимов Ўзбекистонда камбағаллик ҳақидаги гаплар 2020 йилнинг бошидан бошлангани, Шавкат Мирзиёевнинг парламентга мурожаатида бу масала кўтарилгани ҳақида таъкидлаган. Президент мамлакатдаги камбағаллик кўрсаткичи 10—15 фоиз оралиғида эканини айтган эди. Обид Ҳакимовнинг сўзларига кўра, ўрта паст даромадли мамлакатлар учун кунлик минимал харажат 3,2 долларни ташкил этиши ҳақида гапиргани хабар берилган эди.

Янгиликлар