Марҳамат туманида салкам ярим килограмм гашиш сотаётган 2 нафар эркак қўлга олинди

Андижон вилояти Марҳамат туманида 30 октябрь, жума куни ўтказилган тезкор тадбир давомида салкам ярим килограмм гашиш сотаётган 2 нафар эркак қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 30 октябрь, жума куни Андижон вилоят ИИБ ҳамда ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда Марҳамат туманида яшовчи фуқаролар Ё.О. ҳамда Қ.Э. олдиндан келишиб, харидорга 485 грамм гашиш гиёҳванд моддасини 5800 долларга сотаётган вақтида ушланган.

Шунингдек, гиёҳванд моддалари олди-сотдиси билан шуғулланиб келган Марҳамат туманида яшовчи М.И. ҳам терговга қадар суриштирув ишлари давомида гумондор тариқасида иштирок этган. Фуқаро М.И. муқаддам судланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар бўйича фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Андижонда 4 минг долларга гашиш гиёҳвандлик моддасини сотаётган шахс ва Пахтаободда 22,43 грамм нашани 750 минг сўмга сотмоқчи бўлган эркак ушлангани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Андижонда 22,5 грамм марихуана сотаётган одам ҳамда Балиқчида чўнтагида 2,34 грамм марихуана олиб юрган эркак қўлга олингани маълум қилинган.

Янгиликлар