Навоийда бир нечта юк ва енгил автомобиллар иштирокида содир бўлган ЙТҲ бўйича маълумот берилди

Навоий вилояти Конимех туманида 8 ноябрь, шанба куни иккита юк ҳамда олтита енгил автомобил иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати

Хабарга кўра, ЙТҲ 8 ноябрь куни соат 18:30 ларда Навоий вилояти, Конимех тумани ҳудудидан ўтувчи A-379 автомобиль йўлида содир бўлган. Мазкур йўлнинг 110-километрида 1994 йилда туғилган М.Ғ. бошқарувидаги «Howo Sinotruk» русумли юк автомашинаси ёмғирли ёғгани сабабли сирпанчиқ йўлда ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмасдан йўлдан ўнг томонга чиқиб кетиб ағдарилган.

Фото: Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати

Ҳодисани кўрган бошқа ҳайдовчилар йўл четига транспорт воситасида тўхтаган. Ушбу йўналишда ҳаракатланиб келган A.С. бошқарувидаги «Lacetti» русумли автомобилда секинлаган вақтида, ортидан келаётган, С.Ж. «MAN» русумли юк автомашинасида ортилган юки билан кескин тормозланиб, «Lacetti»ни уриб ўтган ва сирпанишда давом этиб, тиркамаси билан йўл четида тўхтаб турган. Ҳамда:

  • Ш.Т. бошқарувидаги «UAZ» русумли;
  • Қ.A. бошқарувидаги «MAN» русумли;
  • М.Н. бошқарувидаги «Nexia» русумли;
  • Б.Н. бошқарувидаги «Cobalt» русумли;
  • У.Ж. бошқарувидаги «Matiz» русумли;
  • С.С. бошқарувидаги «Mercedes-Benz» русумли;
  • Ф.С. бошқарувидаги «Nexia» русумли;
  • И.Н. бошқарувидаги «Nexia» русумли транспорт воситаларини бирин-кетин уриб ўтган.

Фото: Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати

Таъкидланишича, тўқнашув оқибатида вафот этганлар йўқ. Зарафшон шаҳар 3-сонли ТСҚ томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, ушбу ЙТҲ сабаб 11 нафар фуқаро мурожаат қилган:

  • 1978 йилда туғилган фуқаро Д.Н. — бош тепа соҳасининг шилинган жароҳати;
  • 2010 йилда туғилган фуқаро — бош миянинг чайқалиши аниқланмаган;
  • 2014 йилда туғилган фуқаро Д.И. — бош миянинг чайқалиши аниқланмаган;
  • 1973 йилда туғилган фуқаро О.С. — энса соҳа ертилган жароҳати;
  • 2008 йилда туғилган фуқаро Д.С. — бош миянинг чайқалиши аниқланмаган;
  • 2012 йилда туғилган фуқаро Д.С. — бош миянинг чайқалиши аниқланмаган;
  • 1960 йилда туғилган фуқаро И.С. — энса соҳа лат ейиши ва йиртилиш жароҳати;
  • 2001 йилда туғилган фуқаро Ч.Б. — бош миянинг чайқалиши аниқланмаган;
  • 1995 йилда туғилган фуқаро К.С. — тўш соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши;
  • 1962 йилда туғилган фуқаро Х.A. — бош чап ён соҳасининг шилинган жароҳати. Бош миянинг чайқалиши аниқланмаган;
  • 1995 йилда туғилган фуқаро Ф.С. — бош миянинг чайқалиши аниқланмаган.

Хабарда айтилишича, жароҳатланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, шу куни яшаш уйларига жавоб берилган. Конимех тумани тиббиёт бирлашмаси томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, 8 ноябрь куни йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ тан жароҳати олган фуқаролардан мурожаат келиб тушмаган. Мазкур тўқнашув юзасидан Конимех тумани ИИБ ЙҲХБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Aввалроқ Қамчиқ довонида иккита ЙТҲ содир бўлгани ва ҳайдовчилар тан жароҳати олмагани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Мингбулоқда 3 та автомашина иштирокида ЙТҲ содир бўлгани ҳамда Косонсойда иккита автомобиль тўқнашиши оқибатида 18 ёшли йигит тан жароҳати олгани маълум қилинганди.

Янгиликлар