Олтиариқда 1-ИДУМ учун 300 ўринли ўқув биноси қуриб берилади

Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби учун 3 қаватли ўқув биноси қуриб берилади, дея хабар берди Фарғона вилояти Халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати.

Фото: Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати

Хабарда айтилишича, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров 28 октябрь, чоршанба куни Олтиариқ туманига ташрифи доирасида тумандаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида бўлган. Вилоят раҳбари мактаб учун муҳим бўлган қўшимча 300 ўринли бинонинг дастлабки қурилиш босқичида қатнашган.

Фото: Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати

Маълумот ўрнида, ушбу таълим муассасаси 1200 ўринга мўлжалланган бўлиб, бугунги кунда унда 2200 дан ортиқ ўқувчи таълим олади. Таъкидланишича, мактаб ўқувчилари кейинги йилларда салкам икки бараварга кўпайган ва шу туфайли синфхоналар камлиги муаммоси вужудга келган. Янги қурилаётган бино ишга тушиши билан ўқувчиларни тўлиқ бир сменада қамраб олишга эришилади.

Аввалроқ Бухорода мактаблардаги интернет сифатини яхшилаш учун 100 миллиард сўм ажратилгани ҳамда Сирдарёда математикага ихтисослаштирилган «Қоракўл мактаби» фаолиятини бошлагани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар