Ўзбекистонда талабалар учун анъанавий таълим шакли мажбурийми? Вазирлик бунга изоҳ берди
Ўзбекистон олий таълим муассасаларида 16 ноябрдан бошланиши белгиланган анъанавий таълим шакли мажбурий ҳисобланмайди. Бу ҳақда АОКА пресс-холида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқармаcи бошлиғи Aбдували Холиқов маълум қилди.
Aбдували Холиқовнинг сўзларига кўра, 16 ноябрдан олийгоҳларда бошланадиган анъанавий таълим шакли талабалар учун мажбурий эмас. Шунингдек, у университетлар талабаларни анъанавий таълим форматига ўтишга мажбурламаслигини қўшимча қилди. Унга кўра, баъзи талабаларда университетларда анъанавий таълим шаклига ўтиш учун моддий ёки бошқа имконият бўлмаслиги мумкин.
Таъкидланишича, аудиторияларга белгиланган сиғимнинг 50 фоизигача талабалар киритилади. Яъни 30 кишилик аудиторияга 15 нафар талабага дарс ўтилади. Шунингдек, ОТМлар имконияти ва моддий техник базасидан келиб чиқиб, барча курсларни навбат билан, кетма-кетликда анъанавий таълимга (қатнаб ўқишга) жалб этади.
Аввалроқ Ўзбекистонда нега олий таълим муассаларида анъанавий ўқишга қайтилаётгани маълум қилингани, Самарқанд давлат тиббиёт институтида эса 2 ноябрдан анъанавий дарслар бошлангани ҳақида хабар берилган эди.