Тошкент шаҳридан Фарғона водийсига қўшимча поезд қатнови йўлга қўйилди

Ўзбекистон ҳудудида кузатилаётган ноқулай об-ҳаво шароити туфайли 28 ноябрь, шанба куни Тошкент шаҳридан Фарғона водийсига қўшимча поезд қатнови йўлга қўйилди. Бу ҳақда «Ўзтемирйўлйўловчи» AЖ матбуот хизматига таяниб, «Kun.uz» хабар берди.

Фото: «Ўзбекистон темир йўллари» AЖ матбуот хизмати

Қайд этилишича, Тошкент—Қўқон—Тошкент йўналишида 560/559-сонли қўшимча поезд қатнови йўлга қўйилган. 28 ноябрь куни соат 18:30 да Тошкент шимолий вокзалидан ҳаракатини бошлайдиган 560-сонли йўловчи поезди соат 23:05 да Қўқон темир йўл вокзалига кириб боради.

29 ноябрь куни соат 0:46 да 559-сонли поезд Қўқон темир йўл вокзалидан ҳаракатланади ва шу куни соат 05:00 да Тошкент шимолий вокзалига кириб келади. Чипталарни электрон тарзда харид қилиш мумкин.

Қўшимча маълумотларни Тошкент шаҳрида 1005 қисқа телефон рақами, жойлардаги темир йўл кассалари ҳамда маълумотлар бюросидан билиб олиш имкони мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 28 ноябрь куни соат 8:25 да Қамчиқ довонида автомобиллар ҳаракати тўхтатилгани ҳақида хабар берди. Шунингдек, Қамчиқ довонидан ўтишга улгурмаган автотранспорт ҳайдовчилари ва йўловчиларга Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Aнгрен шаҳарлари ҳамда Наманган вилоятининг Поп туманидаги мавжуд умумий овқатланиш шохобчаларида исиниш учун вақтинча жойлашиб туриши тавсия қилинди.

Кейинчалик Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси 28 ноябрь куни соат 11:30 да Қамчиқ довонида автомобиллар ҳаракати тикланганини маълум қилди. Қайд этилишича, юзага келган ноқулайликларни бартараф этиш мақсадида бир қатор хизматларнинг махсус техникалари ёрдамида йўллар қордан тозаланиб, музламаларнинг олдини олиш учун қум-туз аралашмаси сепилган.

Янгиликлар