Фарғона вилоят ИИБ ноқулай об-ҳаво сабаб аҳолини кўчага чиқмасликка чақирди

Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси 28 ноябрь, шанба куни вилоятда кузатилаётган ноқулай об-ҳаво шароити туфайли аҳолини кўчага чиқмасликка чақирди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

«Ҳурматли фуқаролар, айни дамда вилоятимизда об-ҳавонинг ноқулайлиги, кучли шамол оқими вужудга келганлиги сабабли ўзингиз ва яқинларингиз саломатлигини асраш учун ташқарига чиқмасдан, уйингизда қолишингизни сўраймиз. Кекса дарахтлар ва нобоп қурилмалар, бино ва иншоотлар ёнида турманг. Автомашинангизни ва қимматбаҳо буюмларингизни ана шундай жойларда қолдирманг.

Акс ҳолда, шамол туфайли буюмларингизга ва ўзингизга жиддий зарар етиши мумкин. Огоҳ бўлинг!», дейилади вилоят ИИБ ахборот хизмати хабарида.

Аввалроқ Қамчиқ довони 28 ноябрь, шанба куни автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Жиззахда ноқулай об-ҳаво шароити туфайли бир қанча машиналар қор остида қолиб кетгани ҳақида хабар берилганди.

Кейинчалик «Ўзгидромет» Чимён тоғ зонаси ва Қамчиқ довонида шторм огоҳлантириш эълон қилди. Қайд этилишича, ҳудудларида бир сутка давомида қор кўчиш хавфи мавжуд.

Янгиликлар