Тошкентдан Самарқандга «Afrosiyob» поездининг қўшимча қатнови йўлга қўйилади
Тошкентдан Самарқандга 13 ноябрь, жума кунидан бошлаб «Afrosiyob» поездининг қўшимча қатнови йўлга қўйилади. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан йўловчиларнинг поездларга бўлган талабини қондириш мақсадида Тошкент—Самарқанд—Тошкент йўналишида ҳаракатини амалга ошираётган 764/763-сонли «Afrosiyob» электропоездининг рейси яна биттага кўпайтирилиши белгиланган.
Хабарга кўра, ҳозирда электропоезд ҳафтада 2 маротаба — шанба ва якшанба кунлари ҳаракатини амалга оширади. Мазкур поезд 13 ноябрь кунидан бошлаб, ҳафтада жума, шанба ва якшанба кунлари, 3 маротаба қатнаши режалаштирилган. Бундан ташқари, мазкур поезднинг ушбу санадан бошлаб Жиззах вокзалида ҳам тўхтаб ўтиши йўлга қўйилади.
Аввалроқ Россиядан Ўзбекистон фуқароларини олиб келиш учун қўшимча поезд қатновлари йўлга қўйилгани ва Жаслиққача борадиган қўшимча поезд қатнови 15 октябрдан амалга оширилиши ҳақида хабар қилинган эди.
Шунингдек, «Ўзбекистон темир йўллари» вагонларининг 80 фоиздан ортиғи эскиргани ҳамда Тошкент метрополитенида 1 ноябрдан жетонлардан фойдаланиш тўхтатилгани ҳақидаги хабарлар рад этилгани маълум қилинганди.