Жондорда Қирғизистондаги ОТМга ўқишга киритиб қўйиш эвазига фуқародан 1,5 минг доллар олган йигит ушланди
Бухоро вилояти Жондор туманида фуқарони алдаб, унинг қизини 1,55 минг доллар эвазига Қирғизистондаги олий таълим муассасасига киритиб қўймоқчи бўлган йигит ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, мазкур ҳолат департаментнинг Бухоро вилояти бошқармаси, вилоят ИИБ жиноят қидирув бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган. Маълум қилинишича, 1998 йилда Жондорда туғилган шахс шу туманда яшовчи фуқарони алдаб, унинг қизини 1,55 минг доллар эвазига Қирғизистондаги ОТМга ваколатли танишлари орқали ўқишга киритишни ваъда қилган.
Хабарда айтилишича, мазкур шахс тумандаги Aлишер Навоий кўчасидаги дорихона олдида 1,5 минг доллар ва 500 минг сўм пулларни олаётган вақтда ушланган. Ҳолат юзасидан департаментнинг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан 1998 йилда туғилган фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир: Марғилонлик фуқарони Қирғизистонга ўқишга киритиб қўйиш эвазига 1350 доллар олган избосканлик шахс ушланди
Аввалроқ Бувайдада фуқарони ўқишга киритиб қўйиш эвазига 2 минг доллар пора олган шахслар ва Андижонда ўқишга киритиб қўйишини айтиб, 4 минг доллардан ортиқ пул талаб қилган ўқитувчи ушлангани ҳақида хабар берилган эди.
Кейинчалик Наманганда ўқишга киритиб қўйишини айтиб, салкам 2 минг доллар талаб қилган университет ўқитувчиси ҳамда Ромитанда фуқарони тиббиёт коллежига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 400 доллар «ишламоқчи» бўлган шахс қўлга олингани маълум қилинди.