4 млн сўмга битта реклама. Машҳур блогерларнинг каналларида реклама қанча туради?

Бугун блогерлар жамият ҳаётининг энг фаол аъзолари, халқ ва ҳукумат ўртасидаги кўприкка айланди десак, янглишмаган бўламиз. Блогерлик улар учун нима — ишми, бизнесми, хоббими? Улар блогингдан даромад топадими? Ким қанча топади?

Кўпчилик блогерлар учун бу асосий даромад манбаи эмас. Шунга қарамай, рекламадан маълум даромад деярли ҳамма блогерга келиб туради. Уларнинг каналларида реклама жойлаштириш қанчага тушади? Бугун шу ҳақда гаплашамиз.

Бугунги рейтингимизни Telegram канали орқали даромад қилаётган блогерларнинг реклама нархлари бўйича тузишга қарор қилдик. Бунда нархлар ҚҚС билан биргаликда кўрсатилган.

Фото: «Tez News»

Даставвал реклама нархлари бир миллиондан юқори бўлган Telegram каналлар билан танишинг.

Рейтингда биринчи ўринда «Xushnudbek.uz» канали (320 мингдан ортиқ обуначи) муаллифи, ҳуқуқшунос, ЎзА бош директори ўринбосари Хушнудбек Худойбердиев турибди. Блогернинг каналида реклама жойлаштириш нархи ҚҚСни қўшиб ҳисоблаганда 4 миллион сўм атрофида.

Муаллифнинг қайд этишича, каналга чиқарилган реклама 30 дақиқа топ хабар сифатида туради ва каналдан ўчирилмайди. Расман рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари рекламалари ва канал мазмунига мос бўлмаган рекламалар чиқарилмайди.

Блогер Умид Гафуровга тегишли «Troll.uz» Telegram каналида (83 минг обуначи) реклама жойлаштириш нархи ҚҚС билан 4 миллион сўм атрофида. Блогер асосан ижтимоий муаммоларни танқид ва киноя қилиши билан машҳур.

Ўзбекистондаги энг кўзга кўринган ва машҳур каналлардан бири — «Davletovuz»да (57 минг обуначи) реклама жойлаштириш нархи ҚҚС билан ҳисоблаганда 3 миллион сўм атрофида. Блогер ва журналист Қобил Хидировга тегишли ушбу канал «қайноқ» сиёсий ва ижтимоий хабарларни бериб бориши билан анча танилган.

Рус тилида ижод қиладиган журналист Никита Макаренкога тегишли «Эффект Макаренко» каналида (21,4 минг обуначи) реклама жойлаштириш нархи 2 миллион сўм атрофида. Муаллиф каналида турли журналистик суриштирувларини ҳамда ўз фикрларини бериб боради.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг «Иқтисодчи кундалиги» Telegram каналида (13,7 минг обуначи) реклама жойлаштириш нархи 2 миллион сўм туради. Муаллиф каналида иқтисодиётга оид мақолалар бериб боради.

Журналист, «Daryo.uz» интернет нашри бош муҳаррири Муҳрим Аъзамхўжаевга тегишли «Муҳрим» каналида (12,4 минг обуначи) реклама нархи 1,7 миллион сўм. Муаллиф жамият ҳаётининг турли соҳаларига алоқадор ўз шахсий фикрларини бериб боради.

Ниҳоят, жамоатчи аёллардан филолог, адлия вазири маслаҳатчиси Шаҳноза Соатовага тегишли «Блогер Шаҳноза» Telegram канали (8 минг обуначи) учун реклама нархи ҚҚС билан 1,4 миллион сўмни ташкил этади.

Энди эса реклама нархлари бир миллионгача бўлган каналларни кўриб чиқамиз.

«Human.uz» сайти журналисти Хуршид Далиевнинг «Мухбир Далиев» каналида (25 минг обуначи) нархлар 800-1 миллион сўм атрофида.

Журналист, телебошловчи Ҳамза Жумаевнинг ажойиб юморга бой «Тағо Тайм» канали (5,2 минг обуначи) 900 минг сўмга битта реклама чиқаради.

Публицист Нозим Сафаровга тегишли «Сафари”» Telegram канали (17,5 минг обуначи) ҳам 900 минг сўмга реклама олади.

Канадада истиқомат қиладиган блогер Фарҳод Файзуллаевнинг «Замбаракнинг ўқи» каналида (13 минг обуначи) ҳам нархлар шу атрофда.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг “Bakiroo” Telegram-каналида (19 минг обуначи) реклама бироз арзонроқ туради – 850 минг сўм атрофида.

Халқаро муносабатлар эксперти, блогер Нурбек Алимовга тегишли «Alimoff» канали (28,8 минг обуначи) 800 минг сўмга реклама олади.

Ҳуқуқшунос Зафарбек Солижоновнинг Telegram каналида (27 минг обуначи) реклама 800 минг сўм туради.

Блогер Темурмалик Тожиддинзоданинг «Fayzboguz» канали (25,7 минг обуначи) ҳам 800 минг сўмга реклама олади.

Журналист Қаҳрамон Аслановнинг “«Аслановдан иқтибослар+» Telegram каналида (7 минг обуначи) реклама жойлаштириш нархи 750-800 минг сўм.

Филолог, тарихчи, журналист Эльдар Асановнинг «Асанов формати» каналида (10 минг обуначи) ҳам нарх шу атрофда.

ЎзПФЛ директори Диёр Имомхўжаевнинг Telegram канали (13,7 минг обуначи) 700 минг сўмга реклама олади.

Диний воиз, олим, «Qaqnus Media» ва «AzonTV» асосчиси Алишер Турсуновнинг «Мубашшир Аҳмад» канали (35 минг обуначи) 300 мингга реклама жойлаштиради.

Ўқитувчи блогер Исроил Тиллабоевнинг Telegram канали (8 минг обуначи) ҳам шу нархга реклама олади.