Бирдан 10 минггача. Мустақил Ўзбекистоннинг илк банкноталари — сўм-купон ҳақида

Миллий валюта ҳар бир давлат суверенитетининг белгиларидан биридир. Тарихда ҳам ҳукмдорлар мустақиллик рамзи сифатида ўз номидан тангалар зарб қилдирган. Бу уларнинг маълум маънодаги мустақиллигининг белгиси бўлиб ҳисобланган.

Ўзбекистонда ҳам мустақилликдан кейин ўзига хос пул тизими ишлаб чиқилди. Дастлабки пайтларда совет рубли истеъмолда бўлиб турди, 1993 йил 15 ноябрдан эса мустақил Ўзбекистоннинг илк валюта банкнотаси бўлмиш сўм-купон жорий этилди. Мақолада бу банктоналар тарихини эсга оламиз.

СССР йилларида, бутун Иттифоқда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам рубль миллий валюта сифатида ишлатилиб келинди. Аммо бу давлат қулагач, рублнинг қадри пасайиб кетди ва бу иқтисодий инқирозга, қийинчиликларга сабаб бўлди. Ўзбекистонда иқтисодиётни ҳимоялаш мақсадида дастлаб карточка-купон тизими жорий қилинди. Карточкалар рубль билан бир қаторда озиқ-овқат маҳсулотлари харидларида ишлатилиб келинди. Бу тизим 1993 йил 22 ноябргача давом этди.

1993 йил 12 ноябрга келиб, Вазирлар Маҳкамасининг 550-сонли қарорига биноан Ўзбекистон ҳудудида янги сўм-купон пул бирлиги жорий қилинди. Бу купюра 1993 йил 15 ноябрдан муомалага киритилди.

Сўм-купон 1992 йилдан ишлаб чиқарила бошланган эди. Шу санадан бошлаб, у рубль билан тенг қийматда муомалага чиқарилди. Бу валюта аҳолига иш ҳақи, пенсия, стипендия, нафақа ва бошқа пул даромадларининг ўз вақтида тўланишини таъминлаш, республиканинг ички истеъмол бозорини ҳимоя қилиш мақсадида жорий этилди. Бундан ташқари, шу пайтда амалда бўлган рубль қийматини йўқотиб, тобора пастга қараб шўнғиб борар эди.

Сўм-купон муомалага номинал қиймати 1, 3, 5, 10, 25, 50, 100, 200, 500, 1000, 5000, 10000 «сўм» билан чиқарилиши белгилаб қўйилди. Унга кўра, 1 сўм-купон 1961–1992 йилларда муомалада бўлган 1 рублга тенг қийматда экани белгиланди.

Сўм-купон Ўзбекистон ҳудудида барча турдаги тўловлар бўйича давлат, кооператив ва бошқа корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, колхозлар ва аҳоли томонидан қабул қилиниши, шунингдек, банклар ва Алоқа вазирлиги корхоналари томонидан жорий ҳисоб варақларга, депозитларга, аккредитивларга чекловларсиз ўтказилиши мажбурий қилиб қўйилди.

Халқ хўжалигидаги бухгалтерия ҳисоби ва Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари ўртасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар белгиланган тартибда рублларда сақланди.

Хўш, мазкур валюта қандай кўринишда эди? Ўзбекистон сўм-купонининг юз томонида республика герби тасвири, орқа томонида эса Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида жойлашган Шердор мадрасаси тасвири туширилган эди.

Филигранлар сифатида 1–25 сўмлик банкноталарда такрорланувчи рангли шакллар тасвири бўлса, 50–10 000 сўмлик банкноталарда пахта гули тасвири жойлаштирилган эди.

Ушбу сериядаги банкноталар Англиянинг «Harrison & Sons Ltd» типографияси томонидан Англияда чиқарилган эди.

Ўзбекистон Президентининг 1994 йил 16 июндаги 870-сонли фармонига асосан 1994 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда янги турдаги миллий валюта жорий қилинди. Бу кун Ўзбекистоннинг расмий миллий валютаси муомалага чиқарилган кун сифатида нишонланади.

Ўша пайтда амалда бўлган сўм-купон эса 1994 йил 1 августдан бошлаб муомаладан чиқарилди. Шу тариқа мустақил Ўзбекистоннинг илк валюта банкноталари ҳам тарихга айланди.