ИИВ ва Миллий гвардия ходимлари экологик ҳуқуқбузарликлар учун жарима солиши ва ҳибсга олиши мумкин бўлади

Олий Мажлис Сенатининг 1 июнь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида ички ишлар органлари ҳамда Миллий гвардияга экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарларни маъмурий жавобгарликка тортиш ваколатларини беришни назарда тутувчи қонун маъқулланди.

Ҳужжатга кўра, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг қуйидаги моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар ички ишлар органлари ва Миллий гвардиянинг юрисдикциясига ўтказилади:

  • 63-модда (Ғайриқонуний ов, балиқ овлаш маҳсулотини, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиш ва тайёрлаш маҳсулотини қабул қилиб олиш);
  • 72-модданинг 1 ва 4-қисмлари (Сувларни ифлослантириш ёки булғатиш, сувтўплагич иншоотларда сувни муҳофаза қилиш режимини бузиш, сув объектларига оқова сувларни оқизишга йўл қўйиш шартлари тўғрисидаги талабларни бузишга оид қисмида, бундан ер ости сувларига доир ҳуқуқбузарликлар мустасно);
  • 79-модданинг 1 ва 3-қисмлари (Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш);
  • 88-модда (Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик, бундан битум эритиш чоғида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя этмаслик мустасно);
  • 90-модданинг 1-қисми (Ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш);
  • 91-модда (Саноат чиқиндиларини, маиший чиқиндиларни ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, ташиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузишга оид қисмида);
  • 91−1-модданинг 1, 2 ва 3-қисмлари (Белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш);
  • 91−2-модда (Санитар тозалаш инфратузилмаси объектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш бўйича талабларни бузиш).

Бундан ташқари, Миллий гвардия ходимлари 161-модда (Шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини ободонлаштириш қоидаларини бузиш) бўйича ишларни ҳам кўриб чиқади.

Қонунга киритилган ўзгартишлар билан бу ишларни кўриб чиқиш ва жарима тариқасидаги маъмурий жазо қўллаш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахслар, шунингдек, уларнинг номидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузиш ваколатига эга бўлган ички ишлар органлари ва Миллий гвардия тузилмаларининг мансабдор шахслари белгиланмоқда.

Шу билан бирга, ички ишлар органлари ва Миллий гвардиянинг мансабдор шахсларига экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида муайян ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларни маъмурий қамоққа олиш ваколати берилди (ИИВ учун 63, 72, 79, 88, 90, 90−1, 91, 91−1, 91−2, 110, 111 моддалар), Миллий гвардия учун 63, 72, 79, 88, 90, 901, 91, 91−1, 91−2 моддалар).

Қайд этилишича, эндиликда ички ишлар органлари ходимлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 110-моддаси (Ит ва мушук боқиш қоидаларини бузиш) ва 111-моддалси (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) бўйича қамоққа олишлари мумкин бўлади.

Сенат раиси Танзила Нарбаева атроф-муҳит ва экологияга етказилган зарар учун жавобгарлик кучайтирилганини, «жавобгарликни сўзсиз таъминлаш учун аниқ механизмларни ҳам белгилаб бериш зарур»лигини таъкидлади.

«Зеро, айбдор шахсларга нисбатан ўз вақтида жавобгарлик чораларини қатъий қўлланилмаслиги уларда қонун талабларига беписандликни ва қонунчиликда белгиланган „жавобгарликнинг муқаррарлиги“ принсипи бузилишини ҳам келтириб чиқаради», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, қонуннинг кучга кириши ички ишлар ва Миллий гвардия ходимларидан ҳам алоҳида масъулият талаб қилади.

«Бу соҳада маъмурий ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва мутаносиб жавобгарликни белгилаш — янги йўналиш. Бунда ҳам соҳага оид билимларни ошириш, ҳам бу турдаги ҳуқуқбузар шахслар билан ишлаш кўникмасини ривожлантириш керак бўлади», — деди парламент юқори палатаси раҳбари