Африкадаги катта «мерос»га ишонган аёл 90 минг долларни нигериялик фирибгарга ўтказиб берди

Тошкентда яшовчи аёл ўзига тегишли уйини 90 минг долларга сотиб, пулни унга Африкадан «мерос» ваъда қилган фирибгарларга ўтказиб юборди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигининг Киберхавфсизлик маркази матбуот ҳизмати хабар бермоқда.

Фото: «Tez News»

Аниқланишича, воқеа икки ой олдин содир бўлиб, нигериялик фирибгарлар аёл билан ижтимоий тармоқ орқали боғланишган.

Улар аёлга катта компания эгаси Африкада вафот этганини айтиб, унинг мероси 3 миллиард долларга тенглигини ва аёл унинг узоқ қариндоши бўлиш эҳтимоли борлигини айтишган.

Шундан сўнг, аёл фирибгарларга ишониб, қонини текшириш учун уларга 1 минг доллар юборган.

Бироз вақтдан ўтгач у ҳақиқатан ҳам ўша миллиардернинг қариндоши бўлиб чиққани ҳақида «хушхабар» олган.

Натижада, аёл мавжуд бўлмаган меросни олиш учун ўзининг уйини 90 минг долларга сотиб, пулни фирибгарларга босқичма-босқич ўтказган.

Мерос суммаси 3 млрд доллар, деб айтилган. Шу сабабли, фуқаро 90 минг доллар чиқим бўлса ҳам катта миқдордаги пулга эга бўламан, деб ўйлаган. Бу иш бўйича анчадан бери тергов ҳаракатларини олиб боряпмиз. Мазкур пуллар биринчи босқичда Туркия давлатига ўтказилгани аниқланди. Туркияга сўров жўнатиб, аниқлаб кўрсак, пуллар у ердан Европа давлатларига ўтиб кетган экан. Шу тариқа ҳозирда ушбу пул 5-6 та давлатда айланиб юрибди, — дейди ИИВ Киберхавфсизлик маркази ходими Умиджон Ҳамроқулов Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Умиджон Ҳамроқуловнинг қўшимча қилишича, бу каби жиноятлар уюшган жиноий гуруҳ томонидан содир этилади.

Янгиликлар