Ўзбекистонда тунда шовқин қилганлар енди жаримага тортилади

Ўзбекистонда 2 июль куни «Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Қонун лойиҳасида фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини тунги вақтда — соат 23:00 дан 06:00 гача, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган дам олиш ва ишланмайдиган кунларда соат 22:00 дан 09:00 гача бузганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш таклиф этилмоқда.

Унга кўра, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача (1 миллион 20 минг сўмдан 1,7 миллион сўмгача), мансабдорларга эса — 10 бараваридан 15 бараваригача (3,4 миллион сўмдан 5,1 миллион сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилмоқда.

Амалда мазкур ҳуқуқбузарликлар учун жарималар миқдори фуқароларга — 113 минг сўм, мансабдор шахсларга эса 113 минг сўмдан 226 минг сўмгача бўлган миқдорни ташкил этади.

Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда аҳолининг қулай табиий муҳитда ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, уларнинг саломатлиги ва осойишталигини ҳар қандай зарарли шовқинлар таъсиридан ҳимоя қилиш борасида самарали ҳуқуқий механизмларни яратишга хизмат қилади.

Янгиликлар