Фурқат туманидаги туғруқхона ходимлари ҳоким танқидидан сўнг ишдан олинди

Фарғона вилояти Фурқат тумани ҳокими танқид қилган туғруқхонанинг қатор ходимлари лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати

Таъкидланишича, 8 октябрь куни «Менинг юртим» телеканалининг «Марказий студия» кўрсатуви орқали эфирга узатилган Фурқат тумани туғруқхонасидаги айрим ходимларнинг ўзаро тортишуви акс этган видеотасвир ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлди.

Ушбу ҳолатни ўрганиш мақсадида туман ҳокими, ҳокимнинг хотин-қизлар масаласи бўйича маслаҳатчиси, туман прокурори, иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти тумани бўлими бошлиғи, «Нуроний» жамғармаси туман кенгаши раиси ва бошқа бир қатор мутасадди раҳбарлар шифохонада бўлиб, тиббиёт ходимлари билан суҳбатлашган. Суҳбат давомида туман ҳокими туғруқ бўлими ходимлари ишидан норози бўлиб, уларга қаттиқ танбеҳ берган. Мазкур суҳбат жараёни фуқаролардан бири томонидан тасвирга олиниб, ижтимоий тармоқларга тарқатилган.

Қайд этилишича, видеолавҳа 8 октябрь куни эфирга кетиши биланоқ Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарлари муаммони ўрганиш ва бартараф этиш чораларини кўрди.

Жумладан, Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Фурқат тумани бўлимининг 14 октябрдаги тақдиномасига асосан вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг 17 октябрдаги кўрсатма хати тайёрланиб, унга мувофиқ бошқарма бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари, вилоят перинатал маркази бош врачи, вилоят наркология диспансери ҳуқуқшуносидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, туғруқхона фаолияти ўрганиб чиқилган.

Бу жараёнда туман тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлими айрим ходимлари томонидан бирлашманинг жамоа шартномаси билан тасдиқланган ички тартиб-интизом ва меҳнат қоидалари талаблари мунтазам ва қўпол равишда бузиб келинаётганлиги маълум бўлган.

Юқоридагиларга кўра туғруқхона бўлимидаги аҳволни тубдан ўзгартириш, муаммоларни ижобий ҳал қилиш учун бир қатор тиббиёт ходимларини бир йўла бошқа вазифаларга ўтказиш ва уларнинг ўрнини бошқа ходимлар билан алмаштириш керак, деган хулосага келинган. Шу сабабли 20 октябрь куни Фурқат тумани касаба уюшмаси қўмита раиси бошчилигида ўтказилган йиғилиш қарорига мувофиқ бирлашма буйруғи чиқарилиб, туғруқ бўлимининг ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари ўртасида ротация (ўрин алмаштириш) ўтказилди.

Шунингдек, туғруқ бўлими бошлиғи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, ўрнига янги бўлим бошлиғи тайинланди. Туғруқхона хўжалик бекаси бетоблиги сабабли соғлиғи тикланганидан сўнг у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш масаласи кўриб чиқилади.

Туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи ҳам эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, унинг ўрнида янги раҳбар иш бошлади. Янги тайинланган бош врач олдига бирлашмада ходимлар ўртасида меҳнат интизомини мустаҳкамлаш, тамагирлик ва шу каби ҳолатларнинг олдини олиш вазифаси қўйилган.

Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарлари ва туман тиббиёт бирлашмасининг барча ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказилган. Йиғилиш давомида келгусида видеолавҳада акс этган хато ва камчиликларга йўл қўймаслик учун зарур чора-тадбирлар белгилаб олинган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Фурқат тумани ҳокими Дилмурод Солиевнинг туғруқхонада «суюнчи пули» деб талашган тиббиёт ходимларини кескин танқид қилгани акс этган видео тарқалгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар