Тошкентда банк ходимасига пичоқ билан ҳужум қилиб, машинасидан пул ўғирлаган фуқаролар қўлга олинди

Тошкент шаҳри Миробод туманида 24 ноябрь куни «Ипотека банк» ходимасига пичоқ билан ҳужум қилиб, машинасидан 6 миллион 630 минг сўмлик қимматбаҳо буюмларини ўғирлаган 2 нафар фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати

Таъкидланишича, 24 ноябрь куни соат 17:30 да икки нафар номаълум шахс ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида Миробод тумани Қўйлиқ 2-даҳаси 24-уй яқинида турган «Nexia-3» автомашинасига ўтириб, автомашина эгаси «Ипотека банк» Сергели филиали ҳисобчиси 39 ёшли О.Х. (аёл)га пичоқ билан ҳужум қилган. Шундан сўнг унга тегишли нархи 1 миллион 500 минг сўмлик «Redmi note 5» уяли телефон аппарати, нархи 5 миллион сўмлик бир жуфт зираги ҳамда 130 минг сўм нақд пулларини босқинчилик йўли билан қўлга киритиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати

Оқибатда О.Х. ўнг оёқ сон ўрта учлиги олдинги юзаси санчилиб кесилган жароҳати ташхиси билан шифохонасига ётқизилган. Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсларга нисбатан Миробод тумани бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 164-моддаси (Босқинчилик) 2-қисми «а», «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни 32 ёшли А.Н. ва 26 ёшли А.М. содир этгани аниқланиб, тергов жараёнида ушбу тилла зиракни жиноий йўл билан қўлга киритганини яширган ҳолда «Қўйлиқ» деҳқон бозори яқинида фуқаро 47 ёшли Б.И.га 700 минг сўм эвазига сотгани аниқланиб, Б.И.дан ушбу зирак тегишли тартибда ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Дастлабки тергов жараёнида 32 ёшли А.Н. 26 ёшли А.М. жиноят ишида айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати

Аввалроқ Қўқонда 18 ёшли йигитга пичоқ билан ҳужум қилиб, 3,6 миллион сўмлик телефонини тортиб олган жиноий шериклар ушлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқанд шаҳрида одам ёллаб, бувисининг мол-мулкини ўғирламоқчи бўлган аёл қўлга олингани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар