АҚШ давлат қарзи тарихда биринчи марта 34 трлн доллардан ошди

АҚШ Молия вазирлигининг статистик маълумотларига кўра, АҚШнинг давлат қарзи ҳажми биринчи марта 34 триллион доллардан ошди.

Статистика 1993 йилдан бошланган маълумотларни ҳисобга олади. 29 декабрь ҳолатига (сўнгги маълумотларга) кўра, мамлакатнинг жами тўланмаган давлат қарзи 34 триллион 1 миллиард 493 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Бир кун аввал у 33,91 триллион долларга баҳоланган эди.

Давлат қарзининг аввалги рекорд даражаси 2023 йил сентябрь ойи ўрталарида қайд этилган — 33 триллион доллар.

Маълумот учун, АҚШ давлат қарзи — федерал ҳукуматнинг кредиторлар олдидаги қарзи миқдоридир: булар фуқаролар ёки хорижий инвесторлар каби хусусий шахслар, шунингдек, штатлар ёки йирик фондлар бўлиши мумкин. Вашингтон 20 йилдан ортиқ давом этаётган бюджет тақчиллигини қоплаш учун қарз олади.

2023 йил бошида АҚШ давлат қарзи белгиланган чегара — 31,4 триллион доллардан ошиб кетди. Шундан сўнг, АҚШ Молия вазирлиги лимит кўтарилмаса, дефолт юз бериши хавфи ҳақида бир неча бор огоҳлантирди.

АҚШ президенти Жо Байден ва демократлар Конгрессни ҳеч қандай шартларсиз лимитни оширишга чақирди. Шу билан бирга, Вакиллар палатасини назорат қилувчи республикачилар бюджет харажатларини камайтирмасдан туриб, қарз лимитини оширилишини маъқулламади. 29 май куни Байден ва палатанинг ўша пайтдаги спикери Кевин Маккарти ниҳоят муросага эришди.

Янгиликлар