Шофирконда қиймати салкам 470 млн сўмлик МФЙ биноси фойдаланишга топширилди

Бухоро вилояти Шофиркон туманида 2 октябрь, душанба куни «Жўйрабод» маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Шофиркон туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, мазкур маҳаллада 687 та хонадон бўлиб, унда жами 4745 нафар фуқаро истиқомат қилади. Маҳалла ҳудудида 2 та боғча, 1 та умумтаълим мактаби, 1 та қишлоқ врачлик пункти жойлашган бўлиб, «Жўйрабод» маҳалласи масъул ходимлари аҳоли мурожаатларини ўрганиш ҳамда уларни ҳал этишда бу ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб боради.

Фото: Шофиркон туман ҳокимлиги ахборот хизмати

«Саид Муҳаммадамин» МЧЖ қурувчилари томонидан янги бинони қуриш ишлари якунланди. Бинонинг қурилиши учун бюджет маблағлари ҳисобидан 469 миллион 270 минг сўм пул маблағи йўналтирилди.

«Янги бинода барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Кенг ва ёруғ, шинам хоналар замонавий компьютер воситалари, зарур жиҳозлар билан таъминланган. Бу каби қулайликлар фаолиятимизни янада самарали ташкил этишга хизмат қилади, албатта», — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси.

Аввалроқ Иштихонда 5 та қишлоққа хизмат кўрсатувчи МФЙ биноси фойдаланишга топширилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар