Қаршида янги туғилган қизини 190 млн сўмга сотмоқчи бўлган ота-оналарга ҳукм чиқарилди

Қаршида янги туғилган қизини уй олиш максадида сотиб юбормоқчи бўлган ота-оналарга нисбатан ҳукм чиқарилди, деб хабар бермоқда «UzNews.uz» нашри суд ҳукмига таяниб.

Иш материалларига кўра, диний никоҳда яшаган 53 ёшли эркак ва 35 ёшли аёл ўзининг янги туғилган фарзандини уй ҳарид қилиш мақсадида 190 млн сўм евазига сотмоқчи бўлган.

Аниқланишича, 25 февраль куни аёл қиз фарзанд кўрган ва 5 март куни болани 190 миллион сўмга сотиб олишга рози бўлган харидор топилган. Ҳаридор 45 миллион сўм тўлаб, қолган пулни кейинроқ долларда беришни фуқароларга таклиф қилган.

Натижада, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан пул ўтказмалари вақтида айбланувчилар қўлга олинган.

Суд мажлисида айбланувчилар қилмишларидан пушаймонлик билдириб, суддан оилавий шароитларини инобатга олган ҳолда жазони енгиллаштиришни сўраган. Қайд этилишича, эркакнинг 7 нафар, аёлнинг эса 3 нафар вояга етмаган фарзанди бор.

Эркак суд ҳукмининг 3-қисми «а» бандида назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси (ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсга нисбатан одам савдоси жиноятини содир этишда), айбдор деб топилиб, унга нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Фуқаро аёлга эса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 3-қисми «а» банди 135-моддаси билан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Янгиликлар