Нарпайда 2 та мактаб 4 млрд сўмдан ортиқ маблағ эвазига таъмирланди
Самарқанд вилояти Нарпай туманида 2 та мактаб 4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига таъмирдан чиқарилди. Бу ҳақда Олий мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, тўлиқ қайтадан реконструкция қилинган тумандаги 30 ва 43-умумий ўрта-таълим мактабларининг очилиш маросимлари ўтказилган. Тадбирларда туман ҳокимлиги, халқ таълими бўлими мутасаддилари, ўқитувчилар ва ота-оналар иштирок этган.
Қайд этилишича, 4 апрель куни ҳукуматнинг раёсат мажлисида Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2020 йилда қўшимча ижтимоий ва инфратузилма объектларини шакллантириш ва амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги масала кўриб чиқилган. Депутат Шербек Бўронов сўрови билан Нарпай туманидаги иккита мактаб ҳам мазкур манзилли рўйхатга киритилган.
Таъмир ишлари учун давлат буджетидан 4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.
Маълумот учун, «Дўстлик» МФЙ Хўжалар қишлоғидаги 43 мактаб 1982 йилда, «Ипак йўли» МФЙ Қорасийроқ қишлоғидаги 30-мактаб 1992 йилда қурилгани. Ҳозирда мактаблар мос равишда 600 ва 320 нафар ўқувчига мўлжалланган.
Бундан аввал Ургутда салкам 3,5 миллиард сўмга қурилган хусусий боғча ва Самарқандда турли хил рангларга бўялаётган уйлар учун 200 миллион сўм сарфланиши ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Ургутда умумий қиймати 512 миллион сўм бўлган боғча ҳамда Тойлоқда умумий қиймати салкам 4,5 миллиард сўм бўлган 2 та мактаб биноси фойдаланишга топширилгани маълум қилинди.