Озарбайжон Қорабоғ урушидаги йўқотишлар ҳақида маълумот берди

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Қорабоғдаги урушда ҳалок бўлган 2 минг 783 аскарнинг аҳволи ҳақида маълумот берди, деб ёзади «Trend.az».

Фото: «РИА Новости»

Маълум қилинишича, Ватан урушида Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2 783 ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган. Шунингдек, 103 нафар ўлган ҳарбий хизматчининг шахсини ДНК-анализ ёрдамида аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.

«Юздан ортиқ Озарбайжон ҳарбийлари бедарак йўқолган. Уларни топиш ва оилаларини хабардор қилиш учун зарур чоралар кўрилмоқда. Ҳозирда 1245 нафар ярадор аскар тиббиёт муассасаларида даволанмоқда», — дея хабар беради вазирлик.

Қайд этилишича, бутун уруш давомида Озарбайжон ҳарбий департаменти Қорабоғдаги йўқотишлар сонини ошкор қилмаган. Мамлакат Бош прокуратураси тинч аҳоли орасидаги қурбонлар ҳақидагина хабар берган, холос.

Эслатиб ўтамиз, Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ ҳарбий можароси 27 сентябрда қайта тикланган эди. Шундан сўнг Тоғли Қорабоғ атрофида вазият жиддийлашиб, Арманистонда ҳарбий ҳолат эълон қилингани ҳақида маълумот берилган. Ушбу воқеадан сабаб Ўзбекистон Арманистон ва Озарбайжонни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирган.

Шунингдек, Қорабоғда янги тўқнашувлар бошланганидан 2 ҳафта ўтиб, 25 нафар тинч аҳоли ўлдирилгани ҳақида ҳам хабар берилган. 10 октябрга келиб, мамлакатлар ўзаро тинчлик сулҳига эришган. Аммо 18 октябрга келиб, Арманистон ва Озарбайжон бир-бирини Қорабоғдаги янги сулҳни бузишда айблаган. Орадан 1 ҳафта ўтгач, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш учун келишувга тайёрлигини билдирган. Алиевнинг таъкидлашича, Озарбайжон музокараларга киришишни хоҳлаган, аммо Арманистон томонидан можарони дипломатик йўл билан ҳал этиш мумкин эмаслиги тўғрисида сигналлар келган.

Бироқ Арманистондаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Арман Татоян Озарбайжон армияси Тоғли Қорабоғдаги можаро пайтида фосфорли бомбалар ишлатганини маълум қилган. Озарбайжон Мудофаа вазирлиги эса бунга жавобан фосфорли ўқ-дориларни ишлатишда айблаш асоссизлигини айтган.

10 ноябрга ўтар кечаси Aрманистон, Озарбайжон ва Россия раҳбарлари Тоғли Қорабоғда уруш тугаганлигини эълон қилган. Расмий Ереван тан олинмаган республиканинг бир нечта туманларини Бокуга ўтказишга рози бўлган. Бунинг ортидан эса Ереванда тартибсизлик намойишлари бошланиб кетган. Шундан сўнг Озарбайжон президенти Илҳом Aлиев мамлакатининг Тоғли Қорабоғдаги урушда ғалаба қозонганини эълон қилган. Тошкентдаги озарбайжонлар эса Aрманистон ва Озарбайжон ўртасидаги сулҳни кўчаларда рақс тушиб нишонлаган эди.

Янгиликлар