Ташқи ишлар вазирлиги Туркияда ўзини 10-қаватдан ташлаб, ҳалок бўлган ўзбекистонлик қиз иши бўйича баёнот берди

Туркияда ўзбекистонлик қиз ўзини 10-қаватдан ташлаб, ҳалок бўлгани ҳақда хабар берилган эди. Ташқи ишлар вазирлиги ҳолат юзасидан баёнот берди.

Кадр: Telegram

Хабарга кўра, Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси 2002 йил 21 майда туғилган М.Б.нинг 2021 йил 2 январь куни Измир музофоти Каршияка туманидаги турар-жой биносининг ўнинчи қаватидан қулаши оқибатида вафот этганлиги ҳақида ОАВда тарқатилган маълумотни тасдиқлаган.

Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар Ўзбекистон фуқаросининг ўлими бўйича тергов жараёнини бошлаган. Бундан ташқари, Бош консулхона маълумотларига кўра, 2021 йил 1 январь куни Истанбул шаҳрида 1974 йил 11 июнда туғилган Ўзбекистон фуқароси Ш.Р юрак етишмовчилигидан вафот этган.

Таъкидланишича, Бош консулхона юқоридаги ҳолатларни назоратга олиб, Туркиянинг ваколатли идоралари билан алоқада бўлиб турибди. «Вафот этганларнинг жасадларини Ўзбекистонга дафн этиш учун юборишни ташкил қилишда марҳумларнинг яқинларига консуллик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди», дейилади хабарда.

Aввалроқ Россияда 27 ёшли ўзбек йигити устига ер ўпирилиб тушиши оқибатида ҳалок бўлгани, Таиландда 22 ёшли ўзбекистонлик шаршарадан пастга қулаб вафот этгани ва Москвада ўзбекистонлик эркак ажрашишга ариза бергани учун хотинини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Санкт-Петербургда 13 ёшли қизни машинада зўрламоқчи бўлган ўзбекистонлик ҳайдовчи қўлга олингани маълум қилинганди.

Янгиликлар