Навоийда мақоласи учун маҳалла раиси таҳдид қилиб, отаси дўппослангани айтилган фуқаро иши прокуратура томонидан ўрганилмоқда

Ижтимоий тармоқларда тарқалган «Мақолам учун маҳалла раиси таҳдид қилди, дадамни дўппослашди» сарлавҳали хабар юзасидан Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов ўрганиш ишлари олиб борилаётганлигини маълум қилди.

Маълум бўлишича, хабарда «Навоий зиёси» газетасида маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти юзасидан танқидий мақола чиқарилганлиги сабабли Кармана тумани, «Боғишамол» маҳалласи раиси томонидан муаллифга таҳдид қилинганлиги ва бошқа ҳолатлар кўрсатилган.

«Ҳозирда мазкур ҳолат Навоий вилояти прокуратураси томонидан Бош прокуратура назорати остида ўрганилмоқда. Ўрганиш натижалари ҳақида хабар қилинади», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Сўхдаги тартибсизликлар ортидан 6 киши қўлга олингани, улар орасида блогер Дадахон Хайдаровнинг ҳам борлиги, кейинчалик, сўхлик блогернинг адвокати ва вилоят прокуратураси унинг ҳибсга олиниши бўйича изоҳ бергани маълум қилинганди. Шундан сўнг блогернинг озод этилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар