Самарқандда 2020 йилда соғлиқни сақлаш тизимида миллиардлаб пул талон-тарож қилингани маълум бўлди

Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан 2020 йил 9 ойи давомида жами 1 миллиард 384 миллион сўмлик талон-торожлик, молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, агентлик томонидан Молия вазирлиги Давлат молиявий назорат департаменти ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан ҳамкорликда Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида буджет маблағлари, давлат активларини реализация қилиш ва давлат харидлари соҳасида қонун ҳужжатларига риоя этилиш ҳолати бўйича ўрганиш ўтказилган.

Ўрганишларда вилоят соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан 9,256 миллиард сўмлик дори воситаларига муқобил тижорат таклифлари мавжуд бўлгани ҳолда, 14,902 миллиард сўмга, яъни 5,643 миллиард сўм қиммат нархларда давлат харидларни амалга оширилгани аниқланган.

Шунингдек, давлат харидларини амалга оширишда 4,999 миллиард сўмлик қийматдаги тендер ва 186,1 миллион сўмлик электрон дўкон шаклидаги харидлар давлат харидларига оид қонун талабларига зид равишда ташкил қилинган. Бундан ташқари, вилоят соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан 2020 йил 9 ойи давомида жами 1 миллиард 384 миллион сўмлик талон-торожлик, молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилган.

Маълум қилинишича, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали томонидан тез тиббий ёрдам бригадаларига жалб қилинмаган ҳамда ишлаётган штат бирлигига нисбатан ортиқча 48 нафар ходимга 124,5 миллион сўм рағбатлантириш учун маблағлар ортиқча тўлаб юборилган.

Ишчи гуруҳ томонидан аниқланган талон-торожлик ва суистеъмолчиликлар миқдори жами 7 миллиард сўмни ташкил этди. Ўрганиш якунлари бўйича тўпланган ҳужжатлар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Бош прокуратурага юборилган.

Мазкур ҳужжатлар асосида Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан вилоят соғлиқни сақлаш муассасалари ва вилоят санитария эпидемиологик осойишталик маркази мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди, 205-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ўтган 9 ойда қанча бюджет маблағлари ноқонуний ўзлаштирилгани ва Маданият вазирлигида бажарилмаган ишлар учун қанча бюджет маблағи ўзлаштирилгани ҳақда хабар қилинган эди.

Янгиликлар