Тошкент вилояти собиқ бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева уй қамоғига ўтказилди

Тошкент вилоят собиқ бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева уй қамоғига ўтказилди. Бу ҳақда Бош прокуратура жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов Telegram каналида маълум қилди.

Қайд этилишича, Бош прокуратура томонидан Юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Йўлдошевага нисбатан қўзғатилган жиноят иши тегишли тартибда ўрганиб чиқилган.

Айбланувчи Тошкент вилояти собиқ бош инфекционисти аёл эканлиги ҳамда 6 нафар вояга етмаган фарзанд онаси эканлиги инобатга олинган. Бош прокурорнинг ташаббуси билан унга нисбатан қўлланилган қамоқ эҳтиёт чораси уй қамоғи эҳтиёт чорасига ўзгартириш юзасидан Чирчиқ шаҳар прокурори томонидан судга тегишли илтимоснома юборилган.

Таъкидланишича, суд томонидан мазкур прокурор илтимосномаси қаноатлантирилган. Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Бундан аввал Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева 8 сентябрь, сешанба куни ҳибсга олинган. Кейинчалик Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг матбуот котиби Бобур Тўлаганов мазкур ҳолат Прокуратура иш юритувида эканлигини таъкидлаган.

Шунингдек, Бош прокуратура бу масалада расмий баёнот бериб, унда Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида буджет ва буджетдан ташқари маблағларнинг сарфланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирида жами 250,8 миллион сўм буджет маблағлари растрата йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланганлиги айтилган.

Суднинг эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш тўғрисидаги ажрими устидан киритилган апелляция шикояти ЖИБ Тошкент вилоят суди томонидан кўриб чиқилиб, айбланувчига нисбатан қўлланган қамоқда сақлаш билан боғлиқ эҳтиёт чораси ўзгаришсиз қолдирилган.

Кейинчалик Йўлдошеванинг адвокати Хушнуд Аҳроров аёл айбсизлигини айтиб, тергов нохолис олиб борилаётганини айтган.

Сўнгра, Сенат раиси Тошкент вилояти бош инфекционистига қўлланилган эҳтиёт чорасига муносабат билдиргани ҳамда Саида Мирзиёева Тошкент вилоят прокуратурасидан Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан чиқарган қарорини қайта кўриб чиқишларини сўрагани маълум қилинди.

Бундан ташқари Соғлиқни сақлаш вазирлиги прокуратурадан Гулжаҳон Йўлдошева учун бошқа эҳтиёт чораси танлашни сўраган.

Янгиликлар