Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошеванинг ҳибсдан қўйиб юборилгани тасдиқланмади

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошеванинг ҳибсдан уйига қўйиб юборилгани айтилган хабарлар тарқалди. Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов «Tez News» мухбирига Гулжаҳон Йўлдошева ҳибсдан қўйиб юборилгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Фото: «Kun.uz»

«Гулжаҳон Йўлдошева ҳибсдан қўйиб юборилгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди», — деб маълум қилди Ҳаёт Шамсутдинов.

Аввалроқ 8 сентябрь, сешанба куни Гулжаҳон Йўлдошева ҳибсга олингани маълум қилинганди. Бош прокуратура бу масалада расмий баёнот бериб, унда Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларнинг сарфланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирида жами 250,8 миллион сўм бюджет маблағлари растрата йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқлангани айтилган.

Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева бир неча маротаба терговга чақирилганлигига қарамасдан, сабабларсиз кўрсатилган муддатларда терговга бормаган.

Шундан сўнг Гулжаҳон Йўлдошева 8 сентябрь, сешанба куни Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ҳамда 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) 3-қисми «а» банди билан айбланувчи тариқасида тергов ишида иштирок этиш учун мажбурий тартибда олиб келинган.

Aйбланувчи Гулжахон Йўлдошева тергов ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилгани, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармагани, у томонидан содир этилган жиноят оғир жиноятлар туркумига кириши, унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетиши, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида процессуал тартибда ушланган. Суднинг 9 сентябрь, чоршанба кунидаги ажрими билан унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Суднинг эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш тўғрисидаги ажрими устидан киритилган апелляция шикояти ЖИБ Тошкент вилоят суди томонидан кўриб чиқилиб, айбланувчига нисбатан қўлланган қамоқда сақлаш билан боғлиқ эҳтиёт чораси ўзгаришсиз қолдирилган. Гулжаҳон Йўлдошеванинг адвокати Хушнуд Аҳроров унинг айбсизлигини айтиб, тергов нохолис олиб борилаётганини таъкидлаган.

Сенат раиси Танзила Норбоева Тошкент вилояти бош инфекционистига қўлланилган эҳтиёт чорасига муносабат билдириб, унинг жинояти қанчалик оғир ёки оғир эмаслигига ҳозир баҳо бера олмаслигини, лекин аёл киши, кичкина боласи борлигини эътиборга олиб, суд қарор чиқармагунича қамоққа олмаслик ҳам мумкинлигини айтиб ўтган.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари ҳамда Омбудсман котибияти мудири томонидан Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармасининг 1-сонли тергов ҳибсхонасида Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси собиқ бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева билан 3 октябрь, шанба куни учрашган.

Ўтказилган суҳбатга кўра, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Омбудсман билан ҳамкорликда қонун доирасида ва инсонпарварлик тамойилларидан келиб чиққан ҳолда юқори суд инстанцияларига қўшма мурожаат қилишини маълум қилган. Бундан ташқари, Гулжаҳон Йўлдошеванинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича амалий ёрдам кўрсатилиши қайд этилган.

Янгиликлар