«Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган вилоятларидаги ‘СЭС’ ходимлари томонидан жами 1 млрд 750 млн сўмдан зиёд маблағ талон-торож қилинган» — Танзила Норбоева

Олий Мажлис Сенати вилоятлардаги Санитария-эпидемиология хизмати мутасаддилари томонидан коронавирусга қарши кураш тадбирлари учун ажратилаётган маблағларнинг қанча миқдори талон-торож қилинганлигини маълум қилди.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Маълум бўлишича, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган вилоятларидаги Санитария-эпидемиология хизмати мутасаддилари томонидан умумий ҳисобда жамғарманинг 1 миллиард 750 миллион сўмдан зиёд маблағи талон-торож қилинган.

«Коронавирусга қарши кураш тадбирлари учун ажратилаётган маблағлар, аниқроғи, Инқирозга қарши кураш жамғармаси маблағлари талон-торож қилинаётгани бизни ташвишлантирмоқда. Юқорида айтиб ўтилган хато ва камчиликларни бартараф этишга биз ҳам бирдек масъулмиз. Назоратни қаттиқ олиб боришимиз, ижро органларига қатъий талаблар қўйишимиз керак. Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши раиси сифатида бир нарсани аниқ айтишим мумкин, эндиликда коррупция масаласидаги ишларимиз тизимли, аниқ мақсадга йўналтирилган ва албатта, муросасиз бўлади», — дейди Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева.

Яқинда ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бу борада ўрганишлар, таҳлиллар олиб бориб, тизимда коррупцияга олиб келувчи сабаб ва омилларни бартараф этиш бўйича асосли таклифлар билан чиқиши керак. Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси Агентлик билан биргаликда бу борада аниқ ҳамкорлик режасини ишлаб чиқиши лозим, дейилади хабарда.

Шунингдек, хабарда айтилишича, тизимдаги жамоатчилик назорати самарадорлиги паст баҳоланган. «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонун ишламаётганлиги таъкидланган. Бундан ташқари, камбағалликни белгилаш ва уни тизимли равишда қисқартириш борасида яхлит қонунга эҳтиёж борлиги айтиб ўтилган.

«Имкон қадар қисқа муддатларда шу масалаларни ҳал қилмас эканмиз, норозиликлар давом этаверади. Ҳукуматнинг мутасадди аъзоларидан ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор қаратишни сўраймиз», — дея қўшимча қилади Олий Мажлис Сенати раиси.

Аввалроқ Наманганда ишсизларга ажратилган 216 миллион сўм бюджет пули, Шаҳрихонда кам таъминланган оилаларга ажратилган 82 миллион сўм ҳамда Aндижонда Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази мансабдор шахслари томонидан 159, 3 миллион сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилингани маълум бўлганди.

Шунингдек, Навоийда 500 миллион сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштирган «СЭС» бош шифокори ва омбор мудири ҳибсга олингани, Наманганда СЭОМ ходими 40 миллион сўм пора билан қўлга тушгани ва Паркентда «СЭС» ходимларининг давлатга салкам 400 миллион сўмлик зарар етказганлиги маълум қилинганди.

Янгиликлар