«CЭС ва Солиқ идораси қаерда?» Тошкент ҳокими — дўконда бузилган меваларни танқид қилди 

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ жорий йилнинг 3 июль куни Юнусобод туманидаги «Собиробод» маҳалласига ташриф буюриб у ердаги муаммоларни ўрганди, деб хабар қилди пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.

Ҳоким, мактаб, чиқинди йиғиш пункти, озиқ-овқат бозори, соғломлаштириш пункти ва дўконга ташриф буюриб у ердаги озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатини, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини кўздан кечирди.

Шу билан бирга ҳоким ушбу ҳудудда жойлашган дўконлардан бирида бўлиб, сифати бузилган ўрикларни танқид қилди:

Мана нима сотяпти, аҳволини қаранг, кўринг. Қани СЭС, Солиқ, нима сотишяпти булар аҳолига? Қаерга қараяпсизлар? Эртага одамлар заҳарлансинми? Ўриклар моғорлаб ётибди,– деган шаҳар ҳокими.

Бундан ташқари, ташриф давомида инфратузилмани ривожлантириш ва аҳолининг хавфсиз ҳаракатланишига тўсқинлик қилаётган ноқонуний тузилмалар аниқланган.

«Ахлатни нотўғри жойларга ташлаган аҳолининг ўзлари муаммони келиб чиқишига жавобгар. Чиқиндиларни йиғиш жойларининг этишмаслиги ҳам муаммони янада кучайтиради. Қурилиш чиқиндилари ўз вақтида олиб ташланмаслиги, ҳудуд кўринишини ёмонлаштириб, ҳаракатланишга тўсқинлик қилмоқда», — дейилади хабарда.

Ҳоким маҳаллада, жумладан, дўконда тартиб ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.

Янгиликлар