Aмерикалик олим ниқоб тақишнинг бактерия тарқалишига таъсирини синовдан ўтказди (фото)

AҚШнинг Вашингтон штатидаги клиник-микробиология лабораторияси директори Рич Девис тиббий ниқоб тақиш микроорганизмларнинг тарқалишига қандай таъсир қилишини аниқлаш мақсадида тажриба ўтказди. Олим тажриба натижаси акс этган фотосуратларни ўзининг Twitter’даги саҳифасига жойлаган.

Скрин: Twitter/ @richdavisphd

Рич Девис ўзининг тажрибаси учун Петри чашкалари ва желедан фойдаланган. У дастлаб ниқобсиз ҳолда гапирган, кулган, йўталган ва куйлаган. Кейин шу машқларни ниқоб тақиб, амалга оширган.

Биринчи тажриба натижасига кўра, ниқобсиз ҳолда гапирилганда идишлар юзаси бактериялар билан тўлган. Ниқоб тақиб бажарилган машқларда эса идишлар юзасида жуда ҳам оз миқдорда бактериялар пайдо бўлган.

Фото: Twitter/@richdavisphd

«Бактерия колониялари томчилар қаерга тушганлигини кўрсатади. Ниқоб деярли барчасини тўсиб қўяди», — дея суратга изоҳ қолдирган Девис.

Шунингдек, олим одамлар орасида ижтимоий масофаланиш қанчалик муҳимлигини аниқлаш мақсадида ҳам тажриба ўтказган. У идишлардан 2, 4 ва 6 фут узоқликда туриб, 15 сония давомида йўталган.

Фото: Twitter/@richdavisphd

Иккинчи тажриба натижасига кўра, инсон йўталаётганда, аксираётганда ниқоб тақиб юриши ва ижтимоий масофани сақлаши бактерияларнинг атроф-муҳитга жуда кам миқдорда тарқалишини таъминлайди.

Aввалроқ Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Одилова ниқоб фақат фойдаланиш қоидаларига тўғри риоя қилингандагина самарали бўлишини таъкидлаганди.

Янгиликлар