Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

Марказий банк бошқаруви 10 декабрь куни асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, иқтисодиётда асосий ставканинг пасайтирилиши, фоиз ставкалари механизмининг жорий этилиши, мажбурий захиралаш меъёрларининг юмшатилиши ва ликвидлик тақдим этиш бўйича пул-кредит шароитларининг нисбатан юмшаб бориши давом этган.

Шунингдек, октябрь ойида миллий валютадаги кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари 19,2 фоизгача пасайган. Юридик шахсларнинг миллий валютадаги депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкалари 14,2 фоиз, жисмоний шахслар учун эса 17 фоиз даражасида шаклланган.

Маълум қилинишича, ушбу даврда банк тизимидаги депозитлар ўсишининг ижобий динамикаси сақланиб қолди. Хусусан, жорий йилнинг январь—ноябрь ойларида миллий валютадаги жами депозитлар 16 фоизга, жумладан, жисмоний шахсларнинг депозитлари 22,5 фоизга кўпайди. Ҳамда 2020 йилнинг январь—ноябрь ойларида тижорат банклари томонидан жами 112,2 триллион сўмлик кредитлар ажратилиб, иқтисодиётга йўналтирилган кредитлар қолдиғи ўсиши 32,1 фоизни (67 триллион сўм) ташкил этган.

Аввалроқ Марказий банк 2020 йил январь—сентябрь ойларидаги халқаро пул ўтказмалари ҳажмини маълум қилгани, ЕТТБ 2020 йил Ўзбекистонда ЯИМнинг қисқаришини прогноз қилгани хабар қилинган эди.