«Бекзод акани ўғиллариман, МВД» — 17 ёшли йигит Equinox’да катта тезликда «права»сиз ҳаракатланди

Жорий йилнинг 10 январь куни ижтимоий тармоқларда Equinox ҳайдовчисининг йўл қоидаларини қўпол равишда бузиб ҳаракатланган видеоси тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Видеодан кўриш мумкинки, қоидабузар ҳайдовчи отасини Ички ишлар вазирлигида ишлашини билдирган.

Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ ва ЙҲХБ томонидан тезкор суриштирув ишлари олиб борилган. Аниқланишича, мазкур қоидабузарлик 2006 йилда туғилган А.И. томонидан содир этилган.

Тошкент шаҳар ИИББ Жамоат хавфсизлиги департаменти ЙҲХБ ходимлари томонидан вояга етмаган йигит ва унинг онаси билан суҳбат олиб борилган. Суҳбат давомида боланинг отаси ҳеч қандай ИИВда фаолият олиб бормаслиги, «УзДон» АЖда ишлаши маълум бўлган.

«Ўзимиз учун видеога олиб, Telegram каналга ташлагандик. Кейин видео тарқалиб кетибди. 174-176 тезликда ҳайдовчилик гувоҳномасиз ҳаракатландим. Қилган ишимиз нотўғри, улардан узр сўраб қоламан», — дейди йигит.

Мазкур ҳолат юзасидан йигитнинг онасига нисбатан МЖТКнинг 47-моддаси («болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик») бўйича мамурий баённома расмийлаштирилиб, БҲМнинг 5 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Суриштирув давомида ЙПХ ходимлари томонидан Equinox автомобили ҳам топилиб, вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган.

Янгиликлар