Андижонда тез ёрдам машинаси «Cobalt» билан тўқнашди — фото
Андижон вилояти Асака туманида 10 январь, якшанба куни «Cobalt» ва туман тез тиббий ёрдам бўлимига тегишли бўлган «Damas» автомобили тўқнашди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум бўлишича, 10 январь куни соат 20:00 атрофида Асака тумани Неъматобод МФЙ ҳудудидан ўтган 4Р-138 автомобиль йўлининг 24-километрида ҳайдовчи 1993 йилда туғилган Н.Х. бошқарувидаги «Cobalt» ҳамда ҳайдовчи 1979 йилда туғилган Ш.Х. бошқарувидаги Асака тумани шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига тегишли бўлган «Damas» транспорт воситалари иштирокида тўқнашув содир бўлган.
Оқибатда тез ёрдам машинаси ҳайдовчиси 41 ёшли Ш.Х. олган оғир тан жароҳатлари билан шифохонада вафот этган. Шунингдек, автомобиль йўловчиси 1987 йилда туғилган У.Х. тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.
Мазкур йўл транспорт ҳодисаси юзасидан Асака тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Самарқандда «Nexia» пастликка тушиб кетиши оқибатида ҳайдовчи вафот этгани ва маст ҳайдовчи бошқарувида бўлган «Matiz» каналга тушиб кетгани ҳақида хабар берилганди.