Ёшлар ишлари агентлиги Чортоқ ва Поп туманлари бўлимига раҳбар тайинланди

Ёшлар ишлари агентлиги Чортоқ ва Поп туманлари бўлимига раҳбар тайинланди. Бу ҳақда Ёшлар ишлари агентлиги Наманган вилоят бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, Азизбек Қўчқоров Ёшлар ишлари агентлиги Наманган вилоят бошқармаси бошлиғининг 2020 йил 7 сентябрдаги буйруғи билан агентликнинг Чортоқ туман бўлими бошлиғи этиб тайинланди.

Фото: Ёшлар ишлари агентлиги Наманган вилоят бошқармаси ахборот хизмати

У 1985 йилда Наманган шаҳрида туғилган. 2007 йилда Наманган давлат университетини тамомлаган. 2010 йилдан 2013 йилгача Наманган «Ёшлар маркази»да медиа марказ раҳбари лавозимида фаолият юритган. 2019 йилдан буён Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги «Ёшлар — келажагимиз» жамғармаси Чортоқ туман филиали раҳбари лавозимида ишлаб келган.

Шунингдек, Зафар Арслонов Ёшлар ишлари агентлиги Наманган вилоят бошқармаси бошлиғи Тоҳиржон Каримовнинг 2020 йил 25 августдаги буйруғи билан агентликнинг Поп туман бўлими бошлиғи этиб тайинланди.

Фото: Ёшлар ишлари агентлиги Наманган вилоят бошқармаси ахборот хизмати

У 1986 йилда Наманган вилоятининг Поп туманида туғилган. 2012 йилда Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университетининг магистратура бўлимини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини Тошкент автомобиль йўллар институти қошидаги академик лицейда инглиз тили фани ўқитувчиси сифатида бошлаган. 2011 йилгача «Ўзкоммунхизмат» агентлигида етакчи мутахассис лавозимида фаолият юритган. 2012—2015 йилларда Наманган муҳандислик педагогика институти ўқитувчиси вазифасида меҳнат қилган. 2017 йилнинг июль ойидан буён Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Поп туман Кенгаши раиси лавозимида ишлаб келган.

Бундан ташқари, Зафар Арслонов Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши депутати ҳисобланади.

Аввалроқ Бухоро вилоятида Ёшлар ишлари агентлигига раҳбар тайинлангани хабар қилинган эди. Шуниингдек, Самарқанднинг бир қатор туманларида Ёшлар ишлари агентлиги, Наманган ва Самарқанд вилояти бошқармасига ва ҚўрғонтепаШаҳрихон туманларига янги раҳбарлар тайинланган эди.

Янгиликлар