Ўзбекистонда мактаблар интернет билан қачон тўлиқ таъминланиши маълум қилинди

Ўзбекистондаги барча мактаблар 2021 йил охиригача оптик толали интернет билан қамраб олинади. Бу ҳақда 11 декабрь куни AОКAда ўтказилган йиғилишда «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси бош директори ўринбосари Алишер Зафаров маълум қилди.

Фото: «Tuit.uz»

Таъкидланишича,, 2020–2022 йилларда интернет тармоғига кенг полосали уланиш портларини 2,5 миллионгача кўпайтириш режалаштирилган. 2021 йилда 20 минг километр оптик толали алоқа линияларини қуриш, мобил алоқа қамровини 95 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси бош директори ўринбосари Алишер Зафаров чекка ва тоғли ҳудудлардаги мактабларга сифатли интернет қачон етиб бориши ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб берган:

«Мўлжалимиз бўйича бу ишларни 2021 йил охиригача чўзмаслик чорасини кўрамиз. Чунки айрим жойлар ҳақиқатан ҳам жуда узоқда жойлашган. Биз шундай ҳудудларнинг ҳар бирига оптик толали алоқа линияларини етказиб боришни мақсад қилганмиз.

Ҳар битта объект бўйича ҳозирда тўлиқ маълумотимиз бор. Нафақат оптика, балки сунъий йўлдошдан фойдаланиш томонларини ҳам ўйлаб кўрмоқдамиз. Бу ишни кейинги йилдан кечиктирмаймиз».

Маълумотларга кўра, айни пайтда Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони 22 млн кишидан ортиқни ташкил этмоқда. Шундан 19 миллион киши — мобил интернет фойдаланувчиси ҳисобланади.

Аввалроқ Бухорода мактаблардаги интернет сифатини яхшилаш учун 100 миллиард сўм ажратилиши ва Жомбойда 2020 йил охиригача 50 та  мактабда интернет хизмати йўлга қўйилиши ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар