Хонанда Достон Эргашев «Ўйламадим» қўшиғининг муаллифлик ҳуқуқини бузгани учун жаримага тортилди

Хонанда Достон Эргашов Ўктам Алиевнинг «Ўйламадим» номли қўшиғини муаллифнинг розилигисиз ижро этиб, уни интернет тармоқларига жойлаштиргани учун жаримага тортилди. Бу ҳақда Интеллектуал мулк агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Instagram/ @dostonergashevofficial

Хабарга кўра, Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамоат бирлашмаси томонидан қўшиқчи Достон Эргашев хонанда Ўктам Алиевнинг «Ўйламадим» номли қўшиғини муаллифнинг розилигисиз ижро этиб, уни интернет тармоқларига жойлаштиргани ҳақида Интеллектуал мулк агентлигига мурожаат қилинган. Шундан сўнг aгентлик мурожаатни ўрганиб, мазкур ҳолат юзасидан Маъмурий судга баённома киритган.

Натижада суд Достон Эргашевни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177(1)–моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топиб, жарима жазоси тайинлаган.

Аввалроқ хонанда Санжай Шерали Жўраевнинг қўшиқларини куйлагани ҳамда бунинг натижасида унинг иши судга оширилгани хабар қилинган эди. Шундан сўнг Шоҳжаҳон Жўраев Санжай устидан ким шикоят қилганини маълум қилган.

Шоу-бизнес