Самарқандда уч нафар фарзанди вафот этган оила нимадан заҳарлангани аниқланди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида бир оиланинг беш нафар аъзоси келиб чиқиши номаълум бўлган заҳарланиш оқибатида жабрланиб, оиланинг уч фарзанди вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Самарқанд вилоят прокуратураси матбуот хизмати улар ис газидан заҳарланиб, вафот этганини маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Маълум бўлишича, 2021 йил 12 январ куни соат 10:00 атрофида Каттақўрғон тумани Дўстлик маҳалласида яшовчи 1986 йилда туғилган Д.Ж., унинг турмуш ўртоғи 1991 йилда туғилган С.О., уларнинг вояга етмаган фарзандлари 2012 йилда туғилган С.П., 2016 йилда туғилган М.П. ва 2019 йилда туғилган Ш.П.лар яшаш уйи хонасида ис газидан заҳарланиш аломатлари билан яқин қариндошлари томонидан топилган.

Фото: Самарқанд вилоят прокуратураси матбуот хизмати

Вояга етмаган С.П., М.П. ва Ш.П.лар ҳодиса жойида вафот этган ва суд тиббиёт экспертизасининг бирламчи маълумотида, уларнинг ўлими ис газидан заҳарланиш натижасида юзага келганлиги аниқланган.

Таъкидланишича, ис газидан заҳарланиш ташхиси қўйилган оила бошлиқлари Д.Ж. ва С.О.га ҳозирда зарур тиббий муолажалар кўрсатилмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Сирдарёда ҳам эр-хотин ис газидан заҳарланиб ҳалок бўлди, уларнинг 2 ёшли қизи жонлантириш бўлимига ётқизилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Хоразмда она ва унинг 10 ёшли қизи ис газидан заҳарланиб ўлгани маълум бўлган.

Янгиликлар