Тошкентда 20 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги «Маlibu» 2 та «Lacetti»га урилиб, ағдарилиб кетди — фото
Тошкент шаҳри Юнусобод туманида 13 январь куни 20 ёшли фуқаро бошқарувидаги «Маlibu» 2 та «Lacetti»га урилиб, ағдарилиб кетди. Бу ҳақда Ички ишлар бош бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, воқеа 13 январь куни соат 10:00 ларда Юнусобод тумани, Шароф Рашидов кўчасида содир бўлган. Ҳайдовчи (2000 йилда туғилган) Б.М. «Маlibu» русумли автомобилда ҳаракатланаётиб, бошқарувни йўқотган ва йўл четида тўхтаб турган 1989 йилда туғилган А.С. бошқарувидаги «Lacetti» ва 1988 йилда туғилган А.Ю. бошқарувидаги яна бир «Lacetti» русумли транспорт воситаларига урилиб, «Malibu» автомобили ағдарилган.
Қайд этилишича, ЙТҲ натижасида тан жароҳати олганлар йўқ. Мазкур ЙТҲ юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилиб, содир бўлиш сабабларига аниқлик киритилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда «Lacetti» уриб юборган 16 ёшли қиз шифохонада вафот этгани ва Екатеринбургда йўл транспорт ҳодисаси оқибатида ўзбекистонлик 5 ёшли бола ва 27 ёшли аёл вафот этгани хабар қилинганди. Шуниннгдек, Тошкентда дарахтга бориб урилган «Malibu» ёниб кетгани хабар берилганди.