Тошкентда масофа сақламаслик оқибатида 5 та автомобиль тўқнашиб кетди — видео

Тошкент шаҳар Учтепа туманида 13 январь куни 3 та «Matiz», «Nexia» ҳамда «Damas» машиналари иштирокида йўл транспорт ҳодисаси юз берди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати

Дастлабки маълумотларга кўра, 13 январь куни соат 11:00 да Фозилтепа кўчасида ҳайдовчи И.Ф. «Matiz» русумли автомобилда ҳаракатланаётиб, оралиқ масофани сақламаганлиги оқибатида ушбу кўчада жойлашган «Боғишамол» истироҳат боғи рўпарасида светофорнинг қизил чироғида тўхтаб турган ҳайдовчи Х.Р. бошқарувидаги «Damas» русумли автомобилга урилган.

Зарб оқибатида «Дамас» ўзидан олдинда тўхтаб турган ҳайдовчи А.А. бошқарувидаги «Matiz»га, зарб оқибатида «Matiz» ўзидан олдинда тўхтаб турган ҳайдовчи Ш.Я. бошқарувидаги яна бир «Matiz»га, ушбу «Matiz» эса зарб оқибатида ўзидан олдинда тўхтаб турган ҳайдовчи, 1978 йилда туғилган Ш.И. бошқарувидаги «Nexia» русумли транспорт воситасининг орқа томонига тўқнашган.

Фото: Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати

Фото: Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати

ЙТҲ натижасида масофа сақламаган «Matiz» русумли автомобиль ҳайдовчиси 22 ёшли И.Ф. ва «Damas» русумли автомобиль ҳайдовчиси 29 ёшли Х.Р.ларга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкентда «Land Cruiser» ҳайдовчиси ухлаб қолиши оқибатида машина «Lacetti» билан тўқнашгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Сирдарёда «Nexia» «Жигули»га урилиши оқибатида ҳайдовчи машинадан учиб кетгани хабар қилинган.

Янгиликлар