Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди
Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди, дея хабар берди Aдлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали.
Низомга кўра, агентликнинг қабул қилган қарорлари давлат органлари, бошқа ташкилот ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар учун бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
Қайд этилишича, агентлик юридик шахс ҳисобланиб, ўз номи ёзилган ва Давлат герби тасвири туширилган муҳр ва бланкаларга, мустақил балансга, шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисобварақларига эга бўлиши белгиланган.
Aгентлик тизимига агентликнинг марказий аппарати, ҳудудий бўлинмалари, Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти, «Ёшлар медиа холдинги» акциядорлик жамияти кириши қайд этилган.
Ҳудудий бўлинмалар (туманлар ва шаҳарлар бўлимлари бундан мустасно) юридик шахс ташкил этган ҳолда фаолият юритади.
Aгентликнинг асосий вазифаларидан бири ёшлар билан боғлиқ соҳа ва йўналишларда ягона давлат сиёсатини, стратегик йўналишлар ва давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳисобланади.
Маълумот учун, Ёшлар ишлари агентлиги Шавкат Мирзиёевнинг ПФ-6017-сонли фармони билан ташкил этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон меҳнат, миграция ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича халқаро шартномага қўшилиши ва Ўзбекистонда молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари ҳужжатлари давлат тилида тан олиниши лозимлиги белгилангани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари бўйича таклифлар давлат экспертизасидан ўтказилиши ҳамда Давлат кадастри қўмитасининг айрим функциялари Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ўтказилгани маълум қилинди.